21 март куни Москва вилояти, Волоколамск шаҳридаги марказий шифохонага турли мактаблардан 50 нафардан ортиқ бола олиб келинди. Улар ўзларини жуда ёмон ҳис қилар, кўнгли айниб қусар ва бурунларидан қон кетарди. Москвадан 100 километр масофада жойлашган, 20 минг киши истиқомат қиладиган бу шаҳардаги № 2 мактабнинг 23 нафар ўқувчиси шошилинч тарзда шифохонага ётқизилди. Аввалига улар мактабда газ баллонидан газ сизиб чиқиши оқибатида заҳарлангани тусмол қилинганди. Куннинг иккинчи қисмида шаҳар шифохонасига бош айланиши ва қусишдан шикоят қилаётган яна 34 нафар мактаб ўқувчиси мурожаат қилди.

Фото: ТАСС, Михаил Почуев

Волоколамск шаҳри мэри Петр Лазарев РБК учун берган интервьюсида болаларнинг аҳволи оғирлиги ҳақида маълумот берди: «Вазият жуда оғир. Болалар мактаблардан ўнлаб тез тиббий ёрдам машиналарида олиб келинмоқда. Қабулхона ота-оналар билан тўлган, улар болаларга аниқ ташхис қўйилишини талаб этишмоқда. Врачлар бу заҳарланиш эканини айтишмоқда».

Маҳаллий аҳоли вакиллари болаларнинг аҳволи ёмонлашишини «Ядрово» полигонига ташланган чиқиндилардан тарқалган газ билан боғлади (полигон шаҳардан 3,3-4 км масофада). Волоколамск тумани маъмурияти 21 март кунига ўтар кечаси катта миқдордаги газ чиқиндилари тарқалганини тасдиқлади. Туман ҳокимияти матбуот хизматига кўра, воқеа жойида оператив штаб фаолият олиб борди ва хавф манбалари бартараф этилди.

«Ядрово» полигони
Фото: ©РИА Новости/Максим Блинов

Ҳокимият 21 март куни болаларга мактабларга ва боғчаларга бормасликка рухсат берган. Маҳаллий аҳоли вакиллари иш жойларида ниқоб таққан ҳолда ўтиришга тўғри келганини маълум қилган.

Тез орада шифохона атрофида 200дан ортиқ киши тўпланди, улар шифокорлар аниқ ташхис қўйишини, «Ядрово» полигони ёпилишини талаб қила бошлашди.

Фото: ТАСС, Михаил Почуев

«Медуза» нашрида ёзилишича, ҳокимият вакиллари шифокорларга босим ўтказиб, «болаларнинг заҳарланишини полигон билан боғламасдан ташхис қўйишни» талаб этишган.