Ўзбекистон | 15:11 / 22.03.2018
9813
2 дақиқада ўқилади

Миграция агентлиги битим имзолади, Воронежда вақтинчалик ишлашни истайдиган фуқаролар танлаб олинади

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида Агентлик ва Россиянинг “Виноградная лоза” МЧЖ ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россияда иш билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида Битим имзоланди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Битимни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимов ва “Виноградная лоза” МЧЖнинг ваколатли вакили М. Қамариддинова имзоладилар.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимовнинг таъкидлашича, Агентлик шу пайтгача ташкилий ишга ёллаш соҳасида Россиянинг қатор минтақалари билан ҳамкорлик қиларди. Бугун Воронеж вилояти билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Маълумки, «Виноградная лоза» МЧЖ кадрлар агентлиги бўлиб, рекрутинг хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам фаолият юритиб келади. Шунингдек, мазкур жамият “Выбор” қурилиш компанияси ва Ўзбекистоннинг минтақадаги савдо уйи ҳисобланган “Агросоюз” компанияси билан ҳамкорлик қилади.

“Виноградная лоза” МЧЖ вакиласи М.Қамариддинова маълумотига кўра, ишчиларга турар-жой, суғурта полиси ҳавола этилади, патент расмийлаштирилади ва тушлик таом билан таъминланади. Иш берувчининг патентга тўлаган харажатлари ишчининг бир неча ойлик маошидан ушлаб қолинади. Ишчиларнинг иш ҳақи 30 минг рублдан 50 минг рублгача.

Яқин кунлар ичида Воронежда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни истайдиган фуқароларни танлаб олиш жараёни бошланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид