Бу ҳақда 2 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда сўз борди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Йиғилишда хорижий иш берувчиларнинг буюртмаларини техникумлардаги таълим билан боғлаш, ёшларни ишга жойлашиш учун зарур тил ва амалий кўникмаларга мақсадли тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.
Ҳозир Германиянинг Globogate компанияси билан ҳамкорликда республикадаги 20 та тиббиёт техникумида йилига 1,5 минг ҳамшира тайёрланмоқда. Қаршидаги Илғор касбий маҳорат техникумида эса германиялик ўқитувчилар ёшларга немис тили ва касб ўргатмоқда.
Андижонда ҳам тадбиркор бўш турган техникумни таъмирлаб, Германиядан ўқитувчи жалб қилган ҳолда йилига 1,5 минг мутахассис тайёрлаётгани айтилди. Президент бу тажрибани кенгайтириб, ҳар бир вилоятдаги икки-учта техникумда касб билан бирга немис тилини ўргатиш зарурлигини таъкидлади.
Германиянинг Telk компанияси Intil халқаро ўқув марказида 100 нафар немис тили ўқитувчисини тайёрлашни бошлаган. Уларни 2027 йил бошидан ҳудудлардаги техникумларга жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда бошқа мамлакатлардаги имкониятлардан ҳам етарлича фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Европа Иттифоқи илк бор Марказий Осиёдан мутахассисларни жалб этиш масаласини миграция стратегиясига киритган. Бироқ президент бу имкониятлардан фойдаланишда элчилар, ҳокимлар ва техникумларнинг ўрни сезилмаётганини қайд этди.
Жумладан, Буюк Британияда 33 минг ишчига эҳтиёж бор. Шунга қарамай, ушбу мамлакатга фуқаролар асосан қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга юборилмоқда. Тиббиёт, логистика ва саноат соҳаларида иш берувчилар билан аниқ келишувлар йўқ, «Ёшлар мобиллиги» дастурида иштирок этиш масаласи ҳам ҳал этилмаган.
Италия билан меҳнат миграцияси имкониятларини кенгайтириш бўйича келишув мавжуд бўлса-да, бу имконият ишга солинмаётгани таъкидланди.
Давлат раҳбари чет тилини билиш хорижда юқори даромадли иш топишнинг асосий шартларидан бири эканига эътибор қаратди. Ўзбекистонда инглиз тилини пухта ўрганиб, сертификат олган 200 мингга яқин ёш бор. Бироқ уларнинг АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Швеция ва Данияда ишлаши учун йўл очиш бўйича ишлар етарли эмаслиги қайд этилди.












