Бу ҳақда 2 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди. Йиғилиш тафсилотларини давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов эълон қилди.
Вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига Intil халқаро ўқув маркази тажрибасини ўрганиб, келаси йили ҳудудларда ягона миграция марказларини ташкил этиш топширилди.
«Ёшларга инглиз тилини қандай ўргатаётган бўлсак, немис тили бўйича ҳам шундай ёндашув керак», — деди президент.
Шу мақсадда 2027 йилда мактаб ва техникумларда дарс бериш учун немис тили она тили бўлган 500 нафар мутахассис жалб қилинади. Олий таълим муассасаларида немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини келаси ўқув йилидан икки баравар ошириш топширилди.
Йиғилишда Германия, Япония ва Кореянинг йирик компаниялари ўзларига зарур мутахассисларни Ўзбекистон техникумларида тайёрлашга қизиқиш билдираётгани айтилди. Улар ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва таълим муассасаларини жиҳозлашга сармоя киритишга ҳам тайёр.
Президент бир ой ичида 20 та техникумни танлаб, келаси йилдан уларни хорижий иш берувчилар талабига мувофиқ кадр тайёрлашга мослаштиришни топширди.
Шунингдек, ҳар бир вилоятдаги икки-учта техникумни йирик тадбиркорлар бошқарувига бериш режалаштирилмоқда. Улар орқали йилига камида 30 минг нафар иш жойида дарҳол фаолият бошлай оладиган мутахассис тайёрланади.
Техникумлар тадбиркорларга 15 йилга бошқарувга берилади. Битирувчиларга давлат намунасидаги малака сертификати тақдим этилади, таълим муассасалари хорижий иш берувчилар билан боғланади.
Тадбиркорларнинг кадр тайёрлаш ва ускуна харид қилишга сарфлаган маблағларини тўланган солиқлардан чегириш тизими йўлга қўйилади. Хорижда яхши ишга жойлашган ҳар бир битирувчи учун грант ажратиш ҳам назарда тутилмоқда.
Бу борада Сергелидаги «Тошкент қувур заводи» ташаббуси мисол сифатида келтирилди. Корхона ўз усталарини жалб этиб, йилига 2,5 минг пайвандчи, электрик ва чилангар тайёрлашни таклиф қилган.
«Мен ишонаман: чемпион тадбиркорларимиз чет элда “ўзбек мутахассислари бренди”ни яратишда ҳам давлатга кўмакчи бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.












