2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон фуқаролари ўзини Россияда қочқин деб тан олиш тўғрисида 43 та илтимоснома топширди. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон фуқаролари 52 та ариза топширган Украинадан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда «РИА Новости» ихтиёрида бўлган Россия ИИВ маълумотлари далолат бермоқда.
Йилнинг дастлабки тўққиз ойида Россия расмийлари хорижий фуқаролардан жами 193 та шундай илтимоснома қабул қилган. Фуқаролари қочқин мақомини сўраб мурожаат қилган давлатлар қаторида Тожикистон (21 та ариза), Беларус, Сурия ва Қозоғистон ҳам бор.
2022 йилдан 2026 йилнинг сентябрига қадар Россияда қочқин деб тан олиниши учун 69 нафар Ўзбекистон фуқароси ариза берган. Ушбу кўрсаткич бўйича республика Афғонистон (332), Сурия (301) ва Украинадан (158) кейин тўртинчи ўринни эгаллади.








