09:08 / 27.03.2018
9182

Ерга узлуксиз ахборот узата олувчи илк “коинот оптик-толали кабели” ишга туширилди

Фото : Роскосмос/Александр Мисуркин

Европанинг SpaceDataHighway коинот тизими муваффақиятли ишга туширилди ва Copernicus дастури бўйича барча 4 та Sentinel сунъий йўлдошидан ахборот ола бошлади. Бу ҳақда сунъий йўлдошлар гуруҳи бошқарувини амалга ошираётган Airbus компанияси маълум қилди.  

“Бу ҳодиса коинотдан тасвирлар олиш соҳасида янги давр бошланганини англатади. Илк икки жуфт сунъий йўлдош – Sentinel-1A ва Sentinel-1B ҳамда Sentinel-2A ва Sentinel-2B Европа Иттифоқи, Европа коинот агентлиги (Copernicus дастури ташкилотчиси) ва SpaceDataHighway’га эгалик қилувчи Airbus ўртасидаги келишувга кўра SpaceDataHighway тизимига қўшилди”, деб маълум қилган ахборот агентлиги суҳбатдоши. 

Унинг айтишича, SpaceDataHighway илғор лазер технологиялари ёрдамида яратилган дунёдаги илк “коинот оптик-толали кабели” ҳисобланади. Айни вақтда геостационар орбитада ердаги кузатув станциялари устида жойлашган сунъий йўлдошлар гуруҳига бошчилик қилувчи илк EDRS-A ретранслятор сунъий йўлдоши бор. У ҳар куни кузатув сунъий йўлдошларидан, дронлар ва бошқарилувчи парвоз қурилмаларидан олинган 40 терабайт ахборотни сониясига 1,8 гигабит тезлик билан узата олади.

Ретранслятор сунъий йўлдошлари паст орбитага эга сунъий йўлдошларни лазер ёрдамида қамраш ва улар сайёрамизни тадқиқ қилиш вақтида олган маълумотларни йиғишга мўлжалланган. Сўнгра SpaceDataHighway тизими Ердаги марказга олинган маълумотларни жўнатади. Шу тариқа, ретранслятор сунъий йўлдоши ахборотни узатишда воситачи бўғин вазифасини бажаради. Бу жараён паст орбиталарда жойлашган сунъий йўлдошларга маълумотларни ердаги станция билан алоқа қилишгача сақлаб ўтирмай, уларни узлуксиз узатишга имкон беради. Шу тариқа сунъий йўлдошлар камроқ вақт ичида кўпроқ маълумот юбора олади. 

EDRS-A сунъий йўлдоши геостационар орбитага 2016 йил январида чиқарилган ва АҚШнинг Шарқий соҳилидан Ҳиндистонгача бўлган ҳудудни қоплашни таъминлайди. Иккинчи сунъий йўлдош 2018 йилда учирилади. Бу тизимни 2 баробар кучайтиришга ва қоплаш ҳудудини кенгайтиришга имкон беради. 

Top