Президентнинг 28.03.2018 йилдаги Ф–5239-сон фармойишида Қонунчилик ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясининг асосий қоидалари ва уни амалга ошириш муддатлари белгиланган, деб ёзмоқда Norma.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил Давлат дастурининг 1-бандида унинг қабул қилиниши белгиланган, Концепция устидаги иш эса 1 августга келиб якунланиши керак.
Давлат раҳбарининг қарори билан Қонунчилик палатаси Спикери раислигида Ишчи комиссия ташкил этилган. У мавжуд қонунчилик ижодкорлиги фаолияти тизимини чуқур танқидий таҳлил қилади, хорижий тажрибани ўрганади, шунингдек маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этади. Концепция лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва Интернет тармоғида жойлаштирилади.
Ҳужжат узоқ муддатли истиқболда – 2027 йилгача амал қилиши мўлжалланган. Унинг матни тайёр бўлмаса-да, қабул қилинган фармойиш ва 2018 йил Давлат дастурида Концепциянинг якуний вариантига киритилиши керак бўлган асосий қоидалар белгилаб берилган.
Масалан, «ақлли тартибга солиш» моделлари ва қабул қилинаётган қарорлар таъсирини таҳлил қилиш методологияси жорий этилади. Қонунчилик ижодкорлигининг замонавий услублари ҳам жорий этилади. Улар сирасига қуйидагилар киради:
• «оne in two out» – битта янги қоида қабул қилинганда иккита эскиргани бекор қилинади (бу билан маъмурий чиқимларнинг қисқартирилиши таъминланади);
• «sunset clauses» – муайян вақт ўтгандан кейин норма ўз кучини йўқотади ёхуд самарадорлигини баҳолаш якунларига кўра қайта кўриб чиқилиши керак бўлади (шу тариқа нормалар эскиришининг олди олинади);
• «open ended» – зарурат туғилганда қоидага чекловларсиз ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Илгари вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши амалиётини қисқартириш тўғрисидагина сўз борган бўлса, қабул қилинган фармойишда уни тўлиқ бекор қилиш назарда тутилмоқда. Идоравий ҳужжатларни қабул қилиш амалиётига барҳам берилиши керак. Бундан ташқари, Президент, Ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари камаяди. Тизимлаштирилган, кодлаштирилган, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар улар ўрнини босади. Мазкур қонунлар янада батафсил тус олади, уларни қўллаш учун қўшимча қонун ҳужжатларини қабул қилиш талаб этилмайди.
2027 йилга келиб лоббилаш қонунийлаштирилади, идоравий НҲҲлар қабул қилинмайдиган бўлади
18:01 / 29.03.20189 3933 мин
















