Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида иштирок этиши кафолатланди.

17 август куни имзоланган қонун билан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга қуйидаги мазмундаги 182-модда қўшилди:

“Тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳисоботи бевосита тадбиркорлик субъектларининг ҳамда улар бирлашмаларининг иштирокида муҳокама қилинади.

Тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тартибга солиш таъсири бўйича баҳолашдан ўтказилади. Бунда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари юзасидан хулоса берувчи органларнинг хулосалари мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тегишли лойиҳани ишлаб чиқувчи томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиши керак, бундан давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи лойиҳалар мустасно.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Адлия вазирлиги томонидан уларнинг ҳуқуқий экспертизаси ўтказилишидан олдин Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши муҳокамасидан ўтказилиши керак”.

Мазкур қонун 2026 йил 18 ноябрдан кучга киради.

Маълумот учун, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликларга берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил март ойидан бошлаб барча (!) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда (!!) жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиши белгиланган эди. Лекин бу талаб 2022 йил апрелида ими-жимида бекор қилиб юборилган.