28 мартда Нью-Йорк суди 2001 йил 11 сентябрдаги теракт қурбонлари яқинларининг Саудия Арабистонига қарши берган арзларини бекор қилишдан бош тортди. Арзларнинг рад этилишини Саудия Арабистони вакиллари илтимос қилишган. Бу ҳақда Middle East Eye нашри хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, бу қарор АҚШнинг 2016 йилги “Террорчилик ҳомийларига қарши адолат” қонунига асосан қабул қилинган. Бу қонун суверен иммунитетдан озод қилишни кўзда тутиб, қурбонлар оилаларига хорижий ҳукуматлар устидан судларга арз қилиш имконини беради. 

Қурбонлар яқинлари ўз арзларида 11 сентябрдаги терактни амалга оширган кўпчилик террорчилар Саудия Арабистони фуқаролари бўлгани, қироллик ҳукумати эса уларга “кўмак берганини” кўрсатишган. 

Саудия Арабистони бу жиноятларга алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади ва ўзига нисбатан АҚШ қонуни қўлланишига қарши чиқиб келади.