Япониядан Ўзбекистонга 15 чартер рейсни йўлга қўйишга доир келишувга эришилди. Президент Шавкат Мирзиёевининг "Ўзбекистон Республикасининг туристик салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони (2018 йилнинг 3 февралидаги 5326-сонли фармон) ижроси доирасида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКнинг Токиодаги ваколатхонаси Япониянинг йирик туристик компаниялари билан ҳамкорликда, Япония сайёҳлик агентликлари ассоциацияси қўллаб-қувватлаши остида мазкур чартер рейсларга старт берилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг KUN.UZ'га маълум қилишича, Япониянинг Токио, Нагоя, Осака ва Фукуока шаҳарларидан Ўзбекистонга чартер рейслар 2018 йилнинг апрель ойидан шу йилнинг октябрь ойигача амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳозирга келиб баҳорги ва ёзги бир ҳафталик турпакетлар тўлиқ сотиб бўлинган, кузги рейслар эса тўлдирилмоқда.



6 апрель куни Япониядан Ўзбекистонга илк чартер рейс (Токио-Самарқанд-Тошкент) амалга оширилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд ҳокимлиги билан биргаликда Самарқанд аэропортида япониялик меҳмонларни карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда кутиб олиш маросимини ўтказди. Ҳар бир сайёҳга гулдасталар ва қуритилган мевалардан иборат совғалар топширилди.





















