Япониянинг Honda компанияси 2027 йил иккинчи ярмида Accord оиласини кенг кўламли янгилашни режалаштирмоқда, деб хабар беради Automotive News компания режаларидан хабардор манбаларга таяниб. Модел янги дизайнни олади, моделлар қаторида эса универсал ва кроссовер уйғунлигидаги кузовга эга версия пайдо бўлади.
Кейинги авлод Accord моделининг ташқи кўриниши сезиларли даражада ўзгариши кутилмоқда: автомобил ҳозирги кўриниши ўрнига янада спортча ва футуристик қиёфага эга бўлади. Тахминлардан бирига кўра, дизайнни ишлаб чиқишда Honda аввалроқ 0 Series электромобиллар оиласи концептларида намойиш этилган ечимлардан фойдаланиши мумкин. Яна бир эҳтимолий мўлжал — компания томонидан 2026 йил баҳорида тақдим этилган прототипдир.

Салонда ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Хусусан, Accord янада каттароқ дисплейлар, кенгайтирилган мултимедиа имкониятлари ва яхшиланган безак материалларига эга бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, дастлабки маълумотларга кўра, моделнинг техник асоси ўзгаришсиз қолади. Автомобил ўзининг ҳозирги платформасини сақлайди, асосий ўзгаришлар эса 1,5 ва 2 литр ҳажмли двигателга эга гибрид куч қурилмаларига тааллуқли бўлади. Ёқилғи сарфини камайтириш мақсадида уларни такомиллаштириш режалаштирилмоқда.
Универсал ва кроссовер хусусиятларини ўзида мужассам этган алоҳида йўлтанламас Accord модификацияси 2029 йилда чиқиши кутилмоқда. Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, у 2010 йилларнинг биринчи ярмида ишлаб чиқарилган Honda Accord Crosstour моделининг ғоявий давомчисига айланиши мумкин.












