Миграция агентлиги Япониянинг M&K, Yo’l Japan LLC компаниялари ва Kanazawa Professional University of Food Management вакиллари билан ошпазлик соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш ва ишга жойлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Хабар қилинишича, музокаралар натижасида дастлабки босқичда 40 нафар Ўзбекистон фуқаросини Япония стандартлари асосида тайёрлаш бўйича келишувга эришилди.
Дастур икки босқичда ташкил этилиши режалаштирилган.
Дастлаб 6 ой Ўзбекистонда — « INTIL» маркази ва Бўстонлиқ туманидаги касбий таълим муассасаси имкониятларидан фойдаланиб, япон тили ҳамда ошпазлик касбига ўқитилади.
Сўнгра 1 йил Японияда касбий таълимни давом эттириш билан бирга меҳнат фаолияти олиб борилади.
Иштирокчилар Японияда давлат томонидан эътироф этилган ошпазлик лицензиясини олишга тайёрланади.
“Тегишли талабларни бажарган ва лицензия олган мутахассислар дунё бўйлаб Япония ресторанларида ишлаш имкониятига эга бўлади”, дейилади хабарда.
Агентлик рўйхатдан ўтиш тартиби тасдиқлангач, қўшимча маълумот берилишини билдирган.









