12:24 / 12.04.2018
6034

Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ташкил этилди

Фото: Photo Elsoar

Вазирлар Маҳкамасининг 6.04.2018 йилдаги 276-сон қарори билан Марказ Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилмоқда.
 
Norma’нинг ёзишича, муассаса асосан қуйидаги устувор йўналишлар бўйича фаолият юритади:
 
• хўжалик юритувчи субъектлар, олий таълим ҳамда ички ва ташқи бозорларда инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотишга йўналтирилган илмий-тадқиқот муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш орқали фан, таълим ва иқтисодиётнинг реал сектори ҳамкорлик қиладиган коммуникацион майдончалар сифатидаги технологик платформаларни яратиш; 
• янги билимларни генерация қилиш ва инновацион интеллектуал муҳитни шакллантириш;
• тижоратлаштирилиши эҳтимоли катта бўлган ва кейинроқ рўёбга чиқариладиган ишланмаларни тижорат тусини олгунига қадар амалга ошириш;
• ёш олимлар ва мутахассисларни замонавий инновацион тематикага жалб этиш;
• кенг доирадаги ташкилотлар ва корхоналарга маслаҳат хизматлари кўрсатиш ва маслаҳат кўмаги бериш;
• бошловчи тадбиркорларни инновацион лойиҳаларни амалга ошириш чоғида қўллаб-қувватлаш;
• шу жумладан чет эллик мутахассисларни таклиф этган ҳолда қисқа муддатли ва ўртача муддатли ихтисослаштирилган курсларни ўтказиш йўли билан кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш.
 
Ташкил этилган марказ Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида жойлаштирилади, у Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Университет кўчаси манзили бўйича кейинги йилнинг 21 март кунига қадар қуриб битказилади.
 
Марказ юридик ва жисмоний шахсларнинг резидент мақомини олишга буюртмаларини қабул қилади, резидентларни рўйхатдан ўтказади ва резидент мақоми берилганлиги тўғрисида тегишли гувоҳнома берган ҳолда уларни махсус реестрга киритади. Марказ резидентларга эксперт ёрдами ва маслаҳат хизматлари кўрсатади, улар зиммаларига олган мажбуриятларни бажаришларини мониторинг қилади. 
 
Марказ фаолияти Давлат бюджети маблағлари, резидентларга хизматлар кўрсатишдан тушадиган даромадлар, муассиснинг маблағлари, халқаро молиявий институтлар ва ноҳукумат ташкилотларининг грантлари, шунингдек тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
 
Ҳужжат 9.04.2018 йилда эълон қилинган. 

Top