Ижтимоий соҳа ходимларининг жамоат ишларига мажбурий жалб этилаётгани, бу борада айрим маҳаллий раҳбарлар томонидан қонунбузарлик ва кўзбўямачилик ҳолатлари кузатилаётгани президент Шавкат Мирзиёев томонидан жиддий танқид қилинмоқда.
17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт, таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва бошқа ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш, бу борада барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Қашқадрё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида йўл қўйилган кўзбўямачиликка, шунингдек, бундан буён ҳеч қачон ўқитувчилар, шифокорлар, талабалар мажбурий меҳнатга жалб этилмаслигига ваъда берди.
«Барча топшириқлар тушунарли. Муҳтарам Президентимизнинг 13 апрель кунги гапларидан хулоса чиқардик.
Ростдан ҳам бизда кўзбўямачиликлар бўлган. Биз ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаганмиз, фақат иссиқхоналарда кўзбўямачилик қилинган деб ёзишди», дея ҳоким дастлаб ўзи тан олган фактни инкор қилишга тутинди - Биз аслида плёнка остига эккандик...»
Аммо унинг гапини бош вазир бўлиб қўяди: «Эсларингдан чиқармасликларинг керак - ҳозир биз ахборот технологиялари замонида яшаяпмиз. Ҳаммасини видеога олиб, плёнканинг остида нима бор, нима йўқлигини кўрсатиб қўйибди. Экилмаганиниям. Битта кўзбўямачиликни деб бутун дунёга шарманда бўлдингиз!».
Шундан сўнг, Қашқадарё вилояти ҳокими барча гаплар тушунарли бўлганини айтиб, узр сўради ва бундан кейин вилоятда кўзбўямачилик қилинмаслигига ваъда берди.
«Энди чуқур хулоса чиқарамиз. Ҳаммаси юз фоиз тушунарли. Жамоатчилик ишлари учун пулларимиз етарли. Ижтимоий соҳа ходимлари, ўқитувчилар, талабалар мажбурий меҳнатга жалб қилинмайди», деган вилоят ҳокими.
Йиғилиш давомида Зафар Рўзиевга ҳайфсан эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, «Kun.uz» сайтида февраль ойи охирида Қашқадарёда қўлбола иссиқхоналар билан президентга кўзбўямачилик қилингани ҳақида видеоматериал эълон қилинганди.








