БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — FAO Европа ва Марказий Осиё давлатларида тўйиб овқатланмасликнинг энг юқори даражасини қайд этди — у Тожикистон ҳиссасига тўғри келмоқда ва қўшни давлат аҳолисининг ҳар уч нафаридан биттаси тўйиб овқатлана олмас экан, деб ёзмоқда news.tj.

Тожикистонда 2014–2016 йилларда аҳолининг 30,1 фоизи ёки 2,6 миллион киши тўйиб овқатлана олмаган, дейилади FAO’нинг «Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш соҳасидаги ишларнинг аҳволи» ҳисоботида.

Боз устига, ушбу кўрсаткичнинг пасайгани қайд этилган: 2005–2007 йилларда унинг даражаси 40,2 фоиз бўлган. Яъни тўйиб овқатланмасликнинг тарқалганлик даражаси йилига ўртача 1 фоиздан камайиб бормоқда.

Фото: РИА "Новости"

Шу ўринда, ЕМА (Европа ва Марказий Осиё) минтақаси давлатлари ичра аҳоли жон бошига ЯИМ Тожикистонда энг паст бўлиб қолмоқда. 2015 йилда у 993 долларни ташкил этган. Бутунжаҳон банки маълумотларига кўра, 2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда бу кўрсаткич 1857 долларни ташкил этган. (Қозоғистонда — 10617$, Туркманистонда — 6933$, Қирғизистонда — 1017$).

FAO таҳлилчиларига кўра умуман олганда, ЕМА давлатларида тўйиб овқатланмасликнинг тарқалганлик даражаси у қадар катта эмас. «1990 йилдан 2015 йилгача минтақа ҳам фоиз улушини, ҳам оч қолаётганларининг абсолют сонини камайтириш юзасидан жуда катта ютуқларга эришган. Лекин ЕМАнинг бир неча давлатларида тўйиб овқатланмаслик даражаси нисбатан юқорилигича қолмоқда. Бу кўрсаткичнинг энг юқори даражаси Тожикистонда қайд этилган», —дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, тўйиб овқатланмасликнинг Молдова (8,5 фоиз), Гуржистон (7 фоиз), Қирғизистон (6,4 фоиз), Ўзбекистон (6,3 фоиз), Сербия (5,6 фоиз) ва Туркманистон (5,5 фоиз) да тарқалганлиги юзасидан хавотир билдирилди.

Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2005–2007 йиллардаги 12,4 фоиздан 2014–2016 йилларда 6,3 фоизга тушган ва 1,9 миллион нафарни ташкил этмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлигининг йўқлиги

Ҳисоботда айтилишича, 2014, 2015 ва 2016 йилларда озиқ-овқат хавфсизлигининг оғир даражада йўқлигини ЕМА минтақасида 14,3 миллион нафар ёши катта аҳоли ўз бошидан кечирган.