Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида президентнинг Олий ўқув юртидан кейинги таълим инновацион моделини жорий қилиш чора-тадбирларига доир фармони лойиҳаси эълон қилинди.
Ташкилий жиҳатдан қандай ўзгаришлар бўлади
Norma’нинг ёзишича, 1.06.2018 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясини тугатиш таклиф этилмоқда. Унинг штат бирликлари олий ўқув юртидан кейинги таълим бошқармасини ташкил этиш учун Инновацион ривожланиш вазирлигига ўтказилади (12 штат бирлиги).
Бироқ 1.06.2018 йилдан 1.01.2019 йилгача фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича фаолият юритаётган кенгашлар ўз ишини давом эттиради. ОАКнинг ўрнига илмий даража ва унвонларни тасдиқлаш, шунингдек тегишли диплом ва аттестацияларни бериш билан вақтинчалик Вазирлик шуғулланади.
1.01.2019 йилдан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг ўзини ўзи бошқариш ва мустақиллик тамойили бўйича ишлайди. Содда қилиб айтадиган бўлса, ташкилотлар ўзлари диссертация ишларини расмийлаштириш талабларини тасдиқлайдилар, олий ўқув юртидан кейинги таълим кенгашларини ташкил этадилар ва молиялаштирадилар, шунингдек илмий даражаларни ҳам ўзлари берадилар.
Базавий докторантура, докторантурада таълим олаётган ва мустақил талабгор шахслар фаолиятига раҳбарлик қилиш ва мониторинг ўтказиш тегишли мутахассисликлар бўйича етакчи олимлар орасидан бутун ўқиш даврига ҳар бир талабгор учун шакллантириладиган махсус бошқарув қўмиталари ва кенгаш вакилларига топширилади.
Бу ишларнинг барчаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан назорат қилинади.
Олимлар ва уларнинг ишига бўлган талаблар қандай ўзгартирилади
Базавий докторантура (PhD), докторантура (DSc) ва мустақил талабгорлик бўйича қабул чет тилини билишини тегишли сертификат (CEFR бўйича камида В2 даражада бўлиши керак) билан тасдиқлаш шарти билан амалга оширилади. Ҳозир бундай талаб фақат базавий докторантурага (PhD) кирувчилар учун белгиланган.














