Вазирлик маълумотига кўра, тегишли идоравий ҳужжат 2026 йил 31 октябрда 3964-рақам билан рўйхатга олинган.
Ҳужжатга мувофиқ, «Битирувчи сифати индекси» ҳисобот йили якунлари бўйича қуйидаги тўрт кўрсаткич асосида шакллантирилади:
битирувчиларнинг ишга жойлашиш тезлиги;
барқарор бандлик даражаси;
ўртача ойлик даромади;
бандлик тоифаси.
Ҳисобот йили 1 июлдан бошланиб, кейинги йилнинг 30 июнигача давом этадиган 12 ойлик даврни қамраб олади.
Ижтимоий реестрга киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож битирувчилар учун алоҳида ҳисоблаш тартиби белгиланган. Уларга банд бўлиш тезлиги ва бандлик тоифаси кўрсаткичлари бўйича энг юқори коэффициент қўлланади. Барқарор бандлик даражасини ҳисоблашда эса улар барқарор бандлиги таъминланган битирувчилар сифатида инобатга олинади.
Шунингдек, битирувчи бир вақтнинг ўзида бир нечта бандлик тоифасига мансуб бўлса, унга тегишли оширувчи коэффициентлардан энг юқориси қўлланади.
«Битирувчи сифати индекси»ни ишлаб чиқиш ҳамда ҳар йили энг юқори натижага эга 20 та ОТМнинг карьера марказини 500 миллион сўмдан молиявий рағбатлантириш президентнинг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ–58-сон фармонида белгиланган.












