Аттестацияда педагогларнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси ҳамда педагогик маҳорати баҳоланади.

Тақдим этилган маълумотга кўра, кузги аттестацияда қатнашиш учун жами 302 минг 422 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5,5 фоизи навбатдаги мажбурий, 94,5 фоизи эса навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиш учун юборилган.

Мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, 240 мингдан ортиғи — 79,4 фоизи қабул қилинган.

Синовда иштирок этиши белгиланган педагогларнинг pedagog.uzedu.uz платформасидаги шахсий кабинетларига аттестация ўтказиладиган сана ва манзил кўрсатилган хабарномалар юборилган.

Синовлар учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги махсус жиҳозланган 13 та марказда жами 2526 та компьютер тайёр ҳолатга келтирилган.

Педагоглар аттестацияга тайёргарлик кўриш учун sinovtest.uz сайтида намунавий тестларни ишлаб кўришлари мумкин.