Ўзбекистон | 12:29 / 11.05.2018
8730
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳолати Женевада кўриб чиқилди

9 май куни Ўзбекистон делегацияси Женевада БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши универсал даврий таҳлилга (УДТ) оид Ишчи гуруҳининг 30-сессияси доирасида УДТ жараёни бўйича учинчи миллий ҳисоботни тақдим этди. Биринчи ва иккинчи цикллар таҳлили 2008 йил декабрь ойида ва 2013 йилнинг апрелида кўриб чиқилганди. Иккинчи ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида Ўзбекистонга инсон ҳуқуқларига оид 203та тавсия берилган.

Йиғилишда сўзга чиққан Акмал Саидов 2017 йилни «Ўзбекистон учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқ» деб атади. У Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича беш йиллик Ҳаракатлар стратегияси ҳақида гапирди, унда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига муҳим ўрин ажратилган. Сиёсий, ҳуқуқий ва суд ислоҳотлари, коррупцияга қарши курашни кучайтириш чоралари ва давлат хизматларининг сифати қайд этилди.

Йиғилиш доирасида 78 мамлакат чиқиш қилди, улар 200дан ортиқ тавсиялар киритди. Уларни қабул қилиш 11 майга белгиланган.

Делегацияларнинг кўпчилиги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари, амалга оширилаётган конституциявий, институционал ва маъмурий ислоҳотлар, мамлакатни халқаро миқёсда жалб этилиши ва конструктив мулоқотга очиқлигини юқори баҳолашди.

Ўзбекистоннинг БМТ ҳуқуқ ҳимояси тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланди. 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг болалар меҳнатини, айниқса пахта йиғим-теримида бартараф этиш, мажбурий меҳнатни йўқ қилиш йўналишидаги аниқ қадамлари ва ушбу соҳаларда Халқаро меҳнат ташкилоти билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганини ижобий баҳолашди.

Сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти ва уларни рўйхатга олишнинг соддалаштирилиши, инсон ҳуқуқлари бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш, коррупцияга қарши, қийноқларга қарши кураш, одам савдосига қарши курашиш ва уларнинг қурбонларини реабилитация қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар самарали деб топилди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид