Резолюцияни Европа Иттифоқи номидан Ирландия тақдим этган. Мамлакатнинг Женевадаги БМТ тузилмалари ҳузуридаги доимий вакили Лоуренс Симмс Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарлик таъминланмаётганини таъкидлаган.
Унинг баёнотига кўра, ҳокимият танқидчиларининг судсиз қатл этилиши, сиёсий фикрлар хилма-хиллигига путур етказилиши, фуқаролик жамияти, мустақил ОАВ, журналистлар, туб халқларга нисбатан тизимли тазйиқлар жазосиз қолмоқда.
Махсус маърузачи ваколатини узайтиришни қўллаб-қувватлаганлар орасида Буюк Британия, Чили, Франция, Италия, Япония ва Жанубий Корея бор.
Бурунди, Хитой, Куба, Эфиопия ва Ветнам қарорга қарши овоз берган. Пекин кенгашнинг бошқа аъзоларини ҳам резолюцияни рад этишга чақирган.
Бразилия, Ҳиндистон, Мексика ва Жанубий Африка Республикаси бетараф қолган давлатлар қаторидан жой олган. AFP агентлигига кўра, Россия муҳокама давомида сўзга чиқмаган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Россия бўйича махсус маърузачи лавозимини таъсис этиш ҳақидаги қарорни 2022 йил октябрда қабул қилган. Бунга Украинадаги уруш фонида Россияда тазйиқлар кучаяётгани ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлган.
Ушбу вазифага болгариялик инсон ҳуқуқлари эксперти Мариана Кацарова тайинланган. У БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзосидан бирида инсон ҳуқуқлари ҳолатини кузатиш ваколати берилган илк махсус маърузачи бўлган.















