Беларус президенти Александр Лукашенко АҚШ президентининг махсус вакили Жон Коул билан музокаралардан сўнг 25 нафар сиёсий маҳбусни озод қилди. Бу ҳақда америкалик мулозим ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди. У Вашингтон Минск билан муносабатларни йўлга қўйиш бўйича ишларни давом эттиришини таъкидлади ва келажакда бошқа сиёсий маҳбусларни ҳам озод қилишга эришишга ваъда берди.
Минскда Лукашенко билан учрашув чоғида Коул Беларус қамоқхоналаридан 25 нафар сиёсий маҳбусни озод қилиш эвазига «Лакокраска» ва «Беллесбумпром» компанияларидан санкцияларни олиб ташлашни таклиф қилди. Кейинчалик, 16 сентябрда у Х тармоғида шундай ёзди:
«Бугун 25 маҳбус озод қилинди! Президент Трампнинг дипломатияга содиқлиги ўз самарасини бермоқда. Раҳмат, президент Лукашенко, бу қадам учун, ва Литвадаги дўстларимизга қўллаб-қувватлагани учун раҳмат. Биз АҚШ-Беларус муносабатларини яхшилашда давом этамиз ва яқин келажакда кўпроқ одамларни озод қилишни таъминлаш устида ишлаяпмиз. Биз ҳали тугатганимиз йўқ!»
«Zerkalo» нашрининг таъкидлашича, озод этилганлар орасида tut.by нашри бош директори Людмила Чекина, «Арт Сядзібы» ва Symbal.by миллий рамзлар ва сувенирлар дўкони асосчиси Павел Белоус, журналист ва медиа-менежер Андрей Александров, сиёсатшунос Татяна Кузина, «БелаПАН» ахборот агентлиги директори Дмитрий Новожилов, журналист Кирилл Позняк ва унинг қизи Янина Позняк, ношир Дмитрий Колос ва бошқалар бор.
Коулнинг Лукашенко билан музокаралари махсус вакилнинг Беларус ҳукумати билан биринчи алоқаси эмас эди: аввалроқ у Лукашенкони АҚШга таклиф қилиб, Трамп унга ҳурмат билан муносабатда эканини ва жаҳон етакчилари орасидаги дўстлари қаторида тилга олишини айтган эди.

















