Ўлим жазосига ҳукм қилинган америкалик 50 ёшли аёл Криста Пайк Теннесси штати қамоқхонасида ўзига нисбатан чиқарилган ўлим ҳукмини ижро этишга уринишганидан — аммо иккита инъекция таъсир қилмаганидан сўнг илк бор оммавий баёнот берди.

Пайкка пентобарбитал препаратининг аввал битта, кейин эса такрорий дозаси юборилди, бироқ у ўлмади. Шифокорларнинг баёнотига қараганда, унинг ўлиши учун қон айланиш тизимига етарли миқдорда дори тушмаган.

Маҳкум аёл томонидан айтилган баёнотни унинг адвокатлари тарқатди.

Пайк уни шундай бошлади: «Бир ой олдин, 30 сентябрь куни мен қатл камерасига ўлимга тайёр ҳолда кирдим. Тақдиримга тан бергандим».

Шундан сўнг, Пайкнинг таъкидлашича, у қамоқхона шифохонасида ёлғиз ўзи, нима бўлаётганини тушунмаган ҳолда ҳушига келган.

«Ўша кундан бери мен оғриқ ҳис қилмаган бирорта ҳам дақиқа бўлмади, — дейилади Пайкнинг баёнотда. — Танам оғрияпти. Қўлларим оғрияпти. Кафтларим оғрияпти. Томоғим оғрияпти. Ҳали ҳам гапиришга қийналяпман. Ва бу шунчаки жисмоний оғриқ эмас. Оғриқ онгим ва қалбимни тешиб ўтмоқда».

Муваффақиятсиз қатлдан сўнг 50 ёшли Пайк оғир аҳволда шифохонага етказилди. Кейин эса у аввалги 30 йил умрини ўтказган қамоқхонага қайтарилган.

«Мен асосан қамоқхонанинг тиббиёт бўлимида, бошқа одамлардан ва мен учун жуда қадрли бўлган инсоний муносабатлардан узилган ҳолда, иҳоталанган вазиятда қолмоқдаман. Бу ёлғизлик ўзига хос оғриқ беради. Мен 28 йилни бир кишилик камерада ўтказдим ва бугун бошдан кечираётганларимнинг кўпи ўша муҳитни қайтадан ёдга солмоқда», — деди маҳкум аёл.

Криста Пайк 1995 йилда содир этилган қотиллик учун ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. У Теннесси штатида сўнгги 200 йил ичида қатл этиладиган биринчи аёл бўлиши керак эди. Унинг ҳолати — инъекциядан кейин тирик қолиш билан боғлиқ тарихда маълум бўлган ягона воқеадир.

Family handout
Криста Пайк ва Тадарил Шипп 1995 йилда 19 ёшли Коллин Слеммерни қийноққа солиб, ўлдиришган.

Кўп ўтмай, мутахассислар эҳтимолий сабаблардан бири сифатида инъекциялар вена тизимига тушмай, заҳар тери ости тўқималарида қолиб кетган бўлиши мумкинлигини айтишди.