Бугун «13 май»га 13 йил тўлди. Сўз билан ифодалаш қийин (ифода ҳам этилмаган) Андижон воқеаларининг қонли тарихига мурожаат қилишда ҳар доим воқеалар тушунарсиз бир тизмадан бошланади. «Акромийлар» оқимига аъзо сифатида кўрилган жиноятчилар қуролли йўл билан давлат идора ва ташкилотларига, хусусан ҳамтовоқлари сақланаётган Андижон шаҳридаги қамоқхонага ҳужум қилган».
Бу воқеалар ортида аслида кимлар турган? Нега тадбиркорлик қилиб юрган шахслар ҳокимиятни қурол билан тўнтаришга киришганди? Ғарбнинг воқеа юзасидан иддаолари-чи?
Бу воқеа ўша йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан олиб борилган тергов суриштирув натижаларидан кейинги ҳисоботда «Ўзбекистон мустақил сиёсати, унинг миллий манфаатларини, конституциявий тузумини ағдариш ва исломий давлат барпо этишга қаратилган, геосиёсий манфаатларга тўлиқ мос келувчи пухта ўйланган ва режалаштирилган ҳаракат» дея баҳоланганди.
Мен 13 йил аввал шу воқеаларга шахсан гувоҳ бўлган, жараённинг ривожланиш нуқтасида юз берган ҳолатнинг тафсилотлари билан таниш шахс билан суҳбатлашдим. Суҳбатдошнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ошкор этилмайди.
«Ҳаммаси асосий воқеалар юз беришидан 3 кун аввал, 2005 йил 10 май куни юз берди. Тахминан соат кўрсаткичи 20ларга яқинлашганди. Асакалик МХХ ходими ва Андижон тумани ИИБ ходимларига Оқёр қишлоғи М.Солиев МФЙда жойлашган Мустақиллик кўчасида истиқомат қилаётган Муродилла Юсупов хонадонида бир гуруҳ бегона кишилар яширинча яшаб келаётгани ҳақида хабар келиб тушди.
Ҳеч нарсадан хабарсиз ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари катта тезкор вакил Одил Йўлдошев, профилактика-инспектор нозири Алишер Позилов, Вояга етмаган шахслар билан ишлаш бўйича инспектор Азим Қодиров ва МХХ ходими бўлган шахс Муродилла Юсуповнинг уйига бу ерда яшаётган кишилар кимлигини аниқлаш учун етиб боришди», дейди суҳбатдошим.
Унинг таъкидлашича, уйдаги шароит ўзгача бўлган: Бу ердаги 19 нафар шахснинг барчаси эркак кишилар, уларнинг айримлари Андижон туманида доимий рўйхатга қўйилмаган, асли қўқонлик ва Андижон вилоятининг бошқа туманларида яшовчилар бўлган.
«Уйдагилар билан суҳбатлашиб, паспорти бўлмаганлар шахсни аниқлаш учун маҳкамага олиб кетилиши кераклиги билдирилди. 13 нафар ходим 19 кишидан иборат гуруҳ олдида ожизликни ҳис этиб, ёрдамчи куч чақирганди. Бироқ, ёрдамчи куч Солиев маҳалласига етиб келмасдан, кўчадан 20га яқин киши уйга бостириб кира бошлади. Уй ичида бўлган ходимлардан 5 нафари эшикдан чиқиб кетолмади, қолганлар воқеа жойидан кетишга муваффақ бўлган.
Уйда оқ рангли «Дамас» ва «Ваз 2102» русумли автомашиналар бўлган. Ходимлардан Тўланбой исмли шахс ҳозирча номаълум бўлган кишилар томонидан ушлаб қолинади. Кейинроқ, ҳамкасбини қутқариш учун уйга қайтган ходим ҳам қўлга тушади. Тўланбой ака бир амаллаб, томга чиқиб қочиб кетди, аммо иккинчи ходим уларнинг қўлида қолади. Беш киши қаердандир пайдо бўлган «Тико» автомашинасига иккинчи ходимни солиб олиб кетган. Жиноятчиларнинг юзини кўриб қолган ходимни «гумдон» қилиш мақсадида Андижон шаҳри Пиёзпоя мавзесидан оқиб ўтувчи «Ҳақиқат» каналига ушланган ходим оқизиб юборилган», деб сўзларида давом этди суҳбатдош.















