Спорт | 17:10 / 20.05.2018
8671
2 дақиқада ўқилади

Абрамович Британия визаси муддати узайтирилмагани сабаб «Челси» ғалабасини ўтказиб юборди

Фото: Alastair Grant/AP

Роман Абрамовичнинг Буюк Британия визаси муддати бир неча ҳафта илгари тугаган, янги виза эса ҳозирча берилмаган. Шу сабабли кеча Абрамович Англия кубоги финалида - унинг  «Челси» жамоаси «Манчестер Юнайтед»  устидан ғалаба қозонган ўйинда қатнаша олмади. Ишбилармон Британия визасидан маҳрум бўлгани ҳақида унга яқин манбалар The Bell нашрига хабар берган. 

Манбада таъкидланишича, Абрамовичнинг аввалги визаси муддати тугаганига 3 ҳафтадан кўпроқ вақт ўтган, янгиси эса ҳали берилмаган. Ишбилармоннинг атрофидаги яна бир манбага кўра эса, янги виза бериш расман рад этилмаган, Британия ҳукумати Абрамовичнинг ҳужжатларини кўриб чиқишда давом этмоқда.

Абрамовичнинг вакили бу маълумотларга изоҳ бермади. Буюк Британия ҳукуматининг иммиграцион назорат учун масъул Home Office департаменти вакиллари вазиятга изоҳ беришдан бош тортишган.  

ADS-B Exchange базаси маълумотларига кўра, Роман Абрамовичнинг Boeing 767 самолёти охирги марта Лондонда 1 апрель куни бўлган. 

Мавзуга оид