Эркинжон Турдимов – таълим ва илм-фан вазири

Стратегик аҳамияти жиҳатидан таълимга тенг келадиган соҳалар саноқли. Мамлакат тақдирини белгиловчи бу йўналиш энди барча босқичларда ягона вертикалга бирлаштирилди. Президент фармони билан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги незигида Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилди.

Расмий изоҳга кўра, бундан кўзланган мақсад – таълим, тарбия ва илм-фаннинг яхлит тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, таълим сифати ва инсон капиталини ошириш бўйича ишларни янги даражага олиб чиқишдан иборат. Хусусан, боғчаларда тарбиячилар малакасини ошириш, мактаб таълимида дарсликларни янгилаш, олий таълимда эса университетлар мустақиллигини ошириш ва хусусий сектор учун имкониятларни кенгайтириш каби масалалар устуворлик қилиши белгиланди.

Ислоҳот ижроси учун асосий масъуллар сифатида тўрт кишини ажратиб кўрсатиш мумкин: Саида Мирзиёева, Обид Ҳакимов, Эркинжон Турдимов ва Зафар Ҳошимов.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва унинг таълимни ислоҳ қилиш бўйича янги ўринбосари Обид Ҳакимов белгиланган вазифалар ижросини назорат қилади. Бунгача тўртта вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган Эркинжон Турдимов эса бош вазирнинг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири сифатида ҳукуматда алоҳида мавқега эга бўлади; соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам унинг Вазирлар Маҳкамасидаги котибияти таркибида бўлади. Эслатиб ўтамиз, бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими 2022 йил охирида тугатилган эди.

Эркинжон Турдимов / Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Ноёб сиёсий карьерага эга 57 ёшли Эркинжон Турдимов, сўнгги вақтларда ўз чиқишларида таълим соҳасига тез-тез урғу бериши билан ҳам бошқа ҳокимлардан ажралиб турганди. Масалан, у август ойида Устозлар миллий форумидаги нутқида янгиликдан қўрқмасликка, болаларга эркинлик беришга чақирган:

“[Мактабда] компютер турарди, лекин болаларни битириб кетаётганида компютерни ёқишни ҳам билмасди. Ҳозир шу битириб кетганлар кўпи директор бўлса ҳам керак, шулар компютерни ёқишни ҳам билмайди. Қизиқмайдиган одам, янгиликдан қўрқадиган одам шунақа бўлади. Янгиликдан қўрқмайдиган одам янгилик яратади. Умуман олганда, янгилик яратишга интилган одам келажакни яратади.

[...] Болаларга эркинлик беришимиз керак. Керак бўлса, болаларнинг шўхлигидан ҳам фойдаланишимиз керак, йўналиш беришимиз керак. “Бундай юр, бундай тур, бундай қил” деб ҳаммани рамканинг ичига солиб қўйиш керак эмас. Кейин рамкадан чиқолмай қоламиз.

Эртага 10 йилдан кейин нима бўлади? 20 йилдан кейин нима бўлади? Бола-чақамиз нима қилади? 10 йилдан кейин, 15 йилдан кейин нима бўлиши – ҳаммаси сиз билан бизнинг қўлимизда, айниқса таълим фидойиларининг қўлида. Агар биз “менга тегма, мен сенга тегмайман” деб ёпишиб олсак кресломизга, у креслога қанча ёпишсангиз, шунча тез кетасиз”.

Турдимов август ойида аҳоли билан учрашувларидан бирида ҳам таълимнинг муҳимлигини урғулаган, ота-оналарни фарзандлари билан бирга дарс қилишга даъват этган:

“Бизни фақат билим қутқаради. Мактабда яхши ўқиш, илғор технологияларни ўзлаштириш, шунинг ҳисобига болаларимиз бизни олиб чиқиб кетади. Ким болаларига инвестиция қилса, ким болаларини ўқитса, ўша одам обрўли бўлади. Одамлар қўлида кўтариб юради, шунинг отаси-да деб. Агар боласига инвестиция киритмаса, униям камбағал қилиб қўйса, ташвиш олиб келади у бола.

Шунинг учун хоҳлаймизми-йўқми, фарзандларимизни ўқитишимиз керак. Бирга дарс қилишимиз керак; калламиз ишламаса ҳам, ўзимизни мажбурлашимиз керак. Олдимизда шу нарса турибди, бошқа йўлимиз йўқ”.

Юқорида тилга олганимиз таниқли тадбиркор, Korzinka супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимовга келсак, у Президент администрацияси ҳузурида тузилаётган махсус ишчи гуруҳга жамоатчилик асосида раҳбар бўлди. Ишчи гуруҳ инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегияси бўйича умуммиллий концепцияни ишлаб чиқади, бунинг учун гуруҳга тажрибали тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, олимлар ва халқаро экспертлар жалб қилиниши кўзда тутилган. Зафар Ҳошимов билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, фаолияти давомида Teach For Uzbekistan ташкилоти васийлик кенгаши аъзоси, TEAM University асосчиларидан бири, Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети жамоасининг фахрий аъзоси сифатида таълим соҳасидаги ташаббусларда иштирок этиб келаётганини қайд этиб ўтди.

Узоқ кутилган чегирма

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров президентга коммунал тарифлар бўйича тақдимот қилмоқда. / Фото: Президент матбуот хизмати

Газсиз ҳудудларда яшовчилар учун иситиш мавсумида электр энергияси тўловидан чегирма бериладиган бўлди. Бу таклифни 6 октябр кунги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маъқуллади. Эндиликда иситиш мавсумида газлашмаган ва газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёр 200 kWh'дан 350 kWh'га оширилади.

Хўш, бу амалда нимани англатади? Базавий тариф 650 сўм, ундан кейин 500 kWh'гача 900 сўм эканидан келиб чиқсак, газлашмаган ҳудудларда яшовчиларга берилаётган чегирманинг пулдаги қиймати ойига 37 500 сўмни ташкил этади.

Модомики бу ўзгариш ҳали расмий ҳужжат шаклини олиб улгурмаган экан, кичик бир рақамни қўшимча қилиб ўтсак бўлади: агар газсиз ҳудудлар учун иситиш мавсумидаги электр токининг базавий меъёри кутилаётганидек 350 эмас, 400 kWh'гача оширилса, ҳозирги тарифларда чегирманинг қиймати роппа-роса 50 минг сўмга тенг бўлган бўларди.

Сешанба кунги йиғилишда маълум қилинишича, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг электр энергияси ва газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмол харажатларининг бир қисмини қоплаш амалиёти 2028 йил 1 апрелгача давом эттирилиши режа қилинган. Бу компенсация тўловларидан йилига 470 минг оила баҳраманд бўлиши ҳисоблаб чиқилган.

Газ қазишдаги пасайишни бу йил ҳам тўхтатиб бўлмади

Кузнинг илк салқин кунлари қиш яқинлигидан дарак бераётган кунларда, машинаси метанда юрадиган ҳайдовчилар учун ёқимсиз хабар пайдо бўлди: Ўзбекистоннинг энг асосий газ қазиб олувчи компанияси ўз олдига қўйган режасини бу йил ҳам бажара олмайди.

Маълум бўлишича, “Ўзбекнефтгаз” тизимида газ қазиб олиш йил якуни бўйича салкам 10 фоизга қулаши кутиляпти. Компания раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроевнинг сўзларига кўра, жорий йилда 22,8 млрд куб метр газ қазиб чиқарилади. Бу – 2025 йилги ҳажмдан 2,4 млрд кубга, яъни 9,5 фоизга кам.

6 октябр кунги йиғилишда компания раиси Абдуғани Сангинов йил бошидан бери 5 та янги газ кони очилгани, 80 та қудуқ бурғилангани ҳақида ҳисобот берди. Қайд этиш керак, Сангинов январ ойидаги тақдимотида газ саноатидаги салбий динамикани тўхтатиб, жорий йилда 25,2 млрд куб метр газ қазиб олишдек катта маррани ўз зиммасига олганди. Амалда эса, октябр ойига келиб режа қайта кўриб чиқилгани ва 10 фоизга пасайтирилгани ойдинлашмоқда.

“Лукойл” асосчиси Вагит Алекперов президент Шавкат Мирзиёев қабулида / Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг иккинчи энг йирик газ қазиб олувчиси – Россиянинг “Лукойл” компаниясига келсак, унинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари маълум эмас. Компания асосчиси Вагит Алекперов душанба куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб, истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш ва АЁҚШлар тармоғини ривожлантириш режаларини муҳокама қилди. Бу учрашувнинг эътиборли жиҳати шундаки, АҚШ Молия вазирлиги “Лукойл” компаниясига Россиядан ташқаридаги активларига харидор топиш учун берган муҳлат 22 октябрда якунига етади.

Газ қазиб чиқариш охирги икки йилда 20 фоизга қисқариши фонида, ҳукумат газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни электрга ўтказиш ниятида. Икки ҳафта аввал имзоланган президент фармонига кўра, келаси йил баҳоргача халқаро консултантлар иштирокида “Табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни электрлаштириш концепцияси” ишлаб чиқилиши керак. Концепция доирасида электр энергияси учун имтиёзли тарифлар билан бирга, энергия самарадор маиший техникаларни сотиб олувчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кўзда тутилади.

Шарм аш-Шайхга виза ва Латвиядаги жиноятлар

Ўзбекистонликлар орасида энг оммабоп сайёҳлик йўналишларидан бири – Шарм аш-Шайхга бориб келиш энди аввалгидек осон бўлмайди. Гап шундаки, ҳозиргача ўзбекистонликлар Мисрнинг Қоҳира ва бошқа аксарият шаҳарларига виза билан, Синай яриморолидаги Шарм аш-Шайх курорт-шаҳрига эса визасиз бориши мумкин эди, 1 ноябрдан бошлаб ана шу қисман визасиз тартиб бекор қилиняпти.

Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси хабарига кўра, 1 ноябрдан бошлаб ўзбекистонликлар Мисрнинг ҳар қандай нуқтасига бориш учун олдиндан виза олиши керак. Бундан ташқари, сайёҳлар мустақил равишда эмас, фақат ваколатли туроператорлар орқали Мисрга бориши мумкин бўлади.

Янги талаблар рўйхати шу билан тугамайди: 40 ёшгача бўлганлар Мисрга фақат ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари билан бориши мумкин, бунда оиланинг қўлида камида 5000 доллар нақд пул бўлиши керак. 40 ёшдан катталар ёлғиз ўзи бориши мумкин ва улар камида 3000 доллар нақд пулга эга бўлиши лозим. Мисрга киришда виза ва нақд пулдан ташқари, меҳмонхона банд қилинганини тасдиқловчи ҳужжат ва мобил алоқа маълумотлари ҳам тақдим этилиши керак. Бундан ташқари, Мисрда бўлиш давомида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириб бўлмайди.

Бунақа улкан тўсиқлардан кейин, Шарм аш-Шайх йўналиши чиқиш туризмидаги аввалги жозибасини йўқотиши тайин. Шунга ўхшаш ҳолат яқиндагина Таиланд билан ҳам рўй берган эди. Таиланд ҳукумати 15 сентябрдан бошлаб кўплаб мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон учун ҳам визасиз режимни бекор қилгач, Aviasales маълумотига кўра, ўзбекистонликларнинг Таиландга саёҳат буюртмалари 84 фоизга камайиб кетган.

Боз устига, жорий ҳафтада Таиланд визасини берувчи электрон тизимда носозликлар кузатилаётгани маълум бўлди. Ижтимоий тармоқларда виза кутилган вақтда чиқмагани, айрим саёҳатчилар виза чиқишини сўнгги соатларгача, ҳатто аэропортга борган ҳолда кутиб, уйига қайтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси Thai E-Visa сайтида техник носозликлар бўлаётганини тасдиқлаб, гарчи сайтда 10 кунлик муддат кўрсатилган бўлса-да, амалда 40 долларлик тўлов қилинганидан кейин ўртача 15 кунда виза чиқаётганини маълум қилди.

Ортда қолаётган ҳафтада Ўзбекистон ватандошларига виза беришни чеклаш масаласи Латвияда ҳам кўтарилгани маълум бўлди. Латвия Ички ишлар вазирлиги сайтидаги хабарга кўра, вазир Янис Домбрава ўзбекистонликларга виза беришни вақтинча тўхтатиш таклифи билан чиққан. Бунга сабаб – Ўзбекистоннинг бир неча ватандоши Латвияга келганидан кўп ўтмай жиноятларга, хусусан вояга етмаганларга қарши жиноятларга қўл ургани айтилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, Ригада бу таклиф кўтарилганидан кейин ўзбек дипломатлари музокарага киришган ва якунда Латвия томони мавжуд тартибни ўзгартиришга эҳтиёж йўқлигини билдирган, яъни юзага келиши мумкин бўлган муаммонинг олди олингани айтиляпти. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ватандошларни хорижга борганда ўша мамлакат қонунчилигига риоя қилишга ва масъулиятли бўлишга чақирди.

Латвия вазирининг таклифига асос бўлган жиноятларга келсак, Kun.uz суриштирувига кўра, сентябр ойининг ўзида иккита ҳолат қайд этилган. Аввалига Елгава шаҳрида 39 ёшли ўзбекистонлик болалар майдончасида кичик ёшдаги болага нисбатан жинсий характердаги ҳаракатлар қилганликда гумонланиб ушланган ва суд қарори билан қамоққа олинган. Кўп ўтмай, пойтахт Ригадаги савдо марказларидан бирида бошқа бир Ўзбекистон ватандоши кичик ёшдаги икки қизга пул эвазига жинсий характердаги ҳаракатларни таклиф қилгани айтиляпти. Ҳар икки иш бўйича тергов давом этяпти.

Бошқа бир ҳолат 2025 йил март ойида, Карникава шаҳрида рўй берган. Айбловга кўра, икки ўзбекистонлик дарёда сузиб юрган оққушга овқат бериб, уни сувдан чиқариб олган. Улардан бири оққушнинг бўйнини синдириб, бошига мушт урган. Кейин қушни қора ахлат қопига солиб, машина юкхонасида олиб кетишган. Бу воқеа уч нафар вояга етмаган бола кўз ўнгида содир бўлган. Иш бўйича икки ўзбекистонлик салкам 4 йиллик пробация назоратига ҳукм қилинган; улар ҳеч қандай жарима ва қамоқсиз қутулиб кетгани эса латиш жамоатчилигида муҳокамаларга сабаб бўлган. Эътирозлардан кейин бу икки шахснинг Латвияда яшаш ҳуқуқи бекор қилинган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Етакчилар МДҲ саммити доирасидаги гастрономик фестивалда / Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Марказий Осиё ва Озарбойжон етакчилари навбатдаги Маслаҳат учрашувига йиғилди. Туркманистондаги “Аваза” сайёҳлик зонасида ўтган саммитда олти мамлакат президенти минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳақида фикр алмашди. Ўзбекистон президентининг сўзларига кўра, минтақавий жараён доирасида катта ва мураккаб тузилмаларни ташкил этишга интилиш йўқ. Бизга мослашувчан ва тушунарли формат керак, деди Шавкат Мирзиёев. Маслаҳат учрашувининг эртасига МДҲ саммити ҳам бўлиб ўтди ва унда 1 январдан бошлаб ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтиши белгиланди. Ҳамдўстликнинг 2027 йилги саммити 8-9 октябр кунлари Бухорода ўтказилади.

Шифокорларнинг фарзандлари учун контракт тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бошланди. Бунда давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил ишлаган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандлари учун бакалавриатдаги контракт тўловининг 30 фоизгача қисми давлат бюджетидан қоплаб бериляпти. Худди шундай имтиёз жорий ўқув йилидан бошлаб педагогларнинг фарзандларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгиланган. Эътиборлиси, тиббиёт ходимларидан фарқли равишда, педагоглардан муайян иш стажи талаб этилмайди; шунингдек, хусусий сектордаги педагоглар ҳам бу имтиёздан фойдаланиши мумкин.

Тошкент давлат техника университетининг юзлаб талабалари кечаси кўчага ҳайдалди. Пойтахтдаги бир нечта олийгоҳга, асосан техника университетига вилоятдан келиб ўқиётган 300 нафар талаба ётоқхона учун пул тўлаган бўлса-да, 6 октябр оқшомида бинодан чиқариб юборилган. Расмийларга кўра, давлат-хусусий шериклик асосида янги қурилган талабалар турар жойининг ҳали кадастр ҳужжати йўқ ва зарур рухсатлар олинмаган, талабалар эса у ерга норасмий тартибда, ўзбошимчалик билан қабул қилинган. Чиқариб юборилган талабалар ўша кеча ҳостелда ёки танишида тунаб қолган; кейинроқ бошқа ётоқхоналар ва ижара хонадонларга жойлашишгани айтиляпти.

Блогер Сирожиддин Одилов 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. YouTube'даги “Sirojiddin Media” канали муаллифи Сирожиддин Одилов Мирзачўл туман суди томонидан бир эпизод бўйича товламачилик, иккита эпизод бўйича фирибгарлик жиноятларида айбли деб топилди. Хабар қилинишича, у жабрланувчи деб топилган уч нафар шахсга етказилган 75 млн сўм зарарни тўлиқ қоплаб берган. Якунда унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиззах вилояти судлари баёнотида бу жиноят иши Одиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятига алоқадор эмаслиги айтилади.

Тошкент вилоятида 600 тупга яқин дарахт ноқонуний қўпориб ташланди. Бўстонлиқ тумани Ғазалкент МФЙда рўй берган воқеада тадбиркор 2 гектар ер майдонида 586 туп дарахтларни ноқонуний равишда илдизи билан қўпориб ташлаган. Экология қўмитаси хабарига кўра, тадбиркор ваколатли органнинг қонуний талабларига бўйсунмай, қаршилик кўрсатишга уринган, охир-оқибат унинг ҳаракатларига эколополиция томонидан чек қўйилган. Қонунбузарлик натижасида табиатга етказилган зарар 1,7 млрд сўмга баҳоланди. Текширув якунида тўпланган ҳужжатлар прокуратурага юборилади.