Латвиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар атрофида баҳс: нега визаларни чеклаш таклиф қилинди?
|15:131 1639 мин
Латвияда Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатиш масаласи бир ҳафтадан бери муҳокама қилинмоқда, бироқ бу борада ҳозирча ҳукумат қарори йўқ. Латиш ОАВлари таклифни сўнгги ҳафталарда ўзбекистонликлар билан боғлиқ учта ишга боғламоқда.
Таклиф билан 29 сентябр куни Латвия ички ишлар вазири, "Миллий бирлашма" партияси вакили Янис Домбрава чиққанди. Вазирлик баёнотига кўра, Ўзбекистоннинг бир нечта фуқароси Латвияга келганидан кўп ўтмай жиноят содир этган. Булар орасида вояга етмаганларга қарши жиноятлар ҳам бор.
"Бундай вазиятда биз чора кўришга мажбурмиз. Шунинг учун Ўзбекистон фуқароларига виза беришни муайян муддатга тўхтатишни ва бу вақтдан Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилиш учун фойдаланишни таклиф қиляпмиз", деди вазир.
Вазирлик таклифни Иммиграция қонунининг 8-моддаси иккинчи қисмига асослаган. Бу норма ҳукуматга – ички хавфсизлик ва жамоат тартибига таъсирни баҳолаб, муайян учинчи давлат фуқароларидан виза аризалари қабул қилинишини ва уларнинг мамлакатга киришини маълум муддатга чеклаш ҳуқуқини беради. Яъни бундай чекловни вазир эмас, ҳукумат жорий қилади.
Бироқ 29 сентябрдаги мажлисда коалиция ҳамкорлари масалани кун тартибига киритишга тайёр бўлмаган. Латвия ички ишлар вазирлиги таклиф кейинги мажлислардан бирида кўриб чиқилишини кутмоқда.
Ўзбекистоннинг муносабати
Расмий Тошкент бу таклифга дипломатик каналлар орқали жавоб қайтарган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев Kun.uz мухбирига маълум қилишича, ушбу хабарлар эълон қилинган заҳоти вазирлик томонидан тегишли дипломатик чоралар кўрилган.
Хусусан, Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси томонидан Латвия бош вазири офиси раҳбарияти, ташқи ишлар ва иқтисодиёт вазирликлари, шунингдек, Президент Администрацияси вакиллари музокаралар ўтказилган. Шу билан бирга, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳам мулоқотлар олиб борди.
“Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чораларнинг икки томонлама муносабатларга эҳтимолий таъсири юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси етказилди. Кўрилган чоралар натижасида Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини илгари сурди".
Мавзуга оид
Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси / Фото: Flying Dutchman
Вазирлик расмийси Ўзбекистон Латвия билан шаклланган дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни юксак қадрлашини билдирди: “Латвия мамлакатимизнинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-ҳуманитар, миграция ва бошқа соҳалардаги алоқаларимиз изчил ривожланиб бормоқда".
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси хориждаги Ўзбекистон фуқароларга ҳам мурожаат қилди:
"Биз хорижда бўлиб турган ёки хорижга чиқишни режалаштираётган фуқароларимизни мамлакат қонунчилигига қатъий риоя қилишга, миллий урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилишга ва ўз хатти-ҳаракатларига масъулият билан ёндашишга чақирамиз.
Айрим шахсларнинг қонунбузарликка йўл қўйиши нафақат уларнинг ўзларига, балки хорижда қонуний асосда ўқиб, ишлаб, саёҳат ёки истиқомат қилиб юрган бошқа фуқароларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин".
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги музокаралар ўтказган идоралар орасида виза чекловларини таклиф қилган Латвия Ички ишлар вазирлиги йўқ. Шу боис визага доир таклифнинг расмий тақдири ҳали Латвия ҳукуматининг кейинги қарорига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Латвиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар билан боғлиқ ишлар
Латвия ички ишлар вазири Ўзбекистон фуқароларига виза чекловларини таклиф қилганида, улар томонидан “содир қилинган бир нечта жиноятлар” ҳақида гапирганди. Аммо вазир ўз баёнотида аниқ воқеаларни келтирилмаган. Маҳаллий матбуот таклифни сўнгги ҳафталарда ўзбекистонликлар билан боғлиқ учта ишга боғламоқда.
Биринчиси 4 сентябр куни Елгава шаҳрида қайд этилган. Давлат полицияси маълумотига кўра, 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси болалар майдончасида кичик ёшдаги болага нисбатан жинсий характердаги ҳаракатлар қилганликда гумон қилиниб ушланган ва суд қарори билан қамоққа олинган. У Латвияда узоқ муддатли виза билан ёрдамчи ишчи бўлиб ишлаган. "Ички ишлар тизимида жиноят содир этган чет элликларга нисбатан толерантлик бўлмайди. Бундай шахслар иқтисодий ҳисса эмас, жамият учун таҳдиддир", деган расмийлар.
Иккинчиси 18 сентябр куни Ригадаги савдо марказларидан бирида содир бўлган. Полиция маълумотига кўра, 1998 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси кичик ёшдаги қизларга пул эвазига жинсий характердаги ҳаракатларни таклиф қилган. Қизлар дўкон ходимларига мурожаат қилган, ходимлар эса полиция келгунча эркакни савдо марказидан чиқармаган. Икки қиз жабрланувчи деб топилган. Латвия матбуотига кўра, ўзбекистонлик ушбу шахсга воқеадан атиги икки кун олдин бир йиллик иш визаси берилгани айтмоқда.
Ҳар икки ишда тергов давом этмоқда, суд ҳукми ҳали чиқмаган. Полиция маълумотига кўра, иккала гумонланувчи ҳам аввал ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушмаган.
Фото: Ģirts Ozoliņš / F64
Учинчи иш 2025 йил 30 мартга бориб тақалади. Айбловга кўра, Ўзбекистоннинг икки фуқароси Карникава шаҳридаги Гауя дарёси бўйида оққушни овқат билан сувдан чиқарган. Улардан бири оққушнинг бўйнини синдириб, бошига мушт урган. Кейин қушни қора ахлат қопига солиб, машина юкхонасида олиб кетишган. Бу воқеа уч нафар вояга етмаган бола кўз ўнгида содир бўлган. Улар полицияга қушни эрмак учун ушлаганини айтиб, кейин уни йўл четига қўйиб юборганини даъво қилган.
Айбланувчилар прокурор билан айбни тан олиш келишувига эришган. Суд прокурор билан тузилган келишувни тасдиқлаб, уларга 3 йил 11 ойлик пробация назоратини тайинлаган. Ҳукм 22 сентябрда кучга кирган.
Айнан шу иш жамоатчиликда энг кучли норозилик уйғотди: ижтимоий тармоқларда кўпчилик қамоқ жазоси тайинланмаганидан норозилигини ёзган. Суд эса қарорини айбланувчилар аввал судланмагани, айбини тўлиқ тан олгани ва Пробация хизмати хулосаси билан изоҳлаган.
Латвия жамоатчилиги эътирозлари ортидан уларнинг яшаш рухсатномалари ҳам бекор қилинди. Ички ишлар вазирига кўра, Ўзбекистоннинг икки фуқаросига Латвияни тарк этиш учун 1 октябрдан бошлаб 7 кун муддат берилган.
Нега Латвия миграция сиёсатини қатъийлаштирмоқда?
Виза чекловларига доир таклиф – Латвияда бир неча йилдан бери кучайиб бораётган миграция баҳсининг давомидир. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Латвияга меҳнат миграциясининг асосий манбаига айланган. Фуқаролик ва миграция ишлари бошқармаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқароларига 4008 та ишлаш ҳуқуқи берилган. Иккинчи ўриндаги Ҳиндистон фуқароларига эса 1589 та рухсат берилган.
Латвиядаги ўзбекистонликлар муҳожирлар асосан юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлайди. Иккинчи катта гуруҳ эса ишга ёлловчи агентликлар орқали келади. Бундан ташқари, қурилиш ва ёрдамчи ишларда ҳам ўзбекистонлик муҳожирларнинг меҳнатларидан фойдаланилади.
Бу масалани Сеймнинг иммиграция бўйича тергов комиссияси ўрганган, унга Домбрава раҳбарлик қилган. Комиссия миграцияни бошқариш тизими етарлича мувофиқлаштирилмаганини хулоса қилган. Шу асосда ҳукумат Ички ишлар вазирлигининг 71 бандли режасини маъқуллади. Режа 2027 йилнинг биринчи чорагигача учинчи давлат фуқаролари учун квота белгилаш, хорижлик талабалар сонини чеклаш ва юк машинаси ҳайдовчиларининг малакасини текширишни назарда тутади.
Сиёсий омил ҳам бор: Латвиядаги сайловлар арафасида партиялар ўз устувор мавзуларини баландроқ кўтариши, миграция масаласини эса сайловчиларни сафарбар қилишда ёрдам бериши кутилади.
Шунга ўхшаш тенденция қўшни Литвада ҳам кузатилмоқда. У ерда сентябр охирида терроризм хавфи ва иш учун аризалар сонининг кескин ортгани сабаб қилиниб, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги ташқи виза марказларини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирча Ўзбекистон фуқароларига Латвия визасини бериш тартиби ўзгармаган. Ўзбекистон ТИВнинг тасдиқлашича, Латвия томони буни ўзгартиришга эҳтиёж кўрмаяпти. Бироқ таклифдан расман воз кечилгани ҳам эълон қилинмаган, унинг тақдири Латвия ҳукуматидаги янги коалиция таркибига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Kun.uz билан гаплашган, исми сир қолишини сўраган вазирлик расмийсига кўра, Латвия расмий идоралари гарчи визани бекор қилиш масаласида ён берган бўлса-да, муҳожирлар томонидан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни сўраган. Чунки, қонунларга беписандлик оқибатида яна ушбу масалаларни кўтарилишига олиб келиши мумкин.