Жаҳон | 00:13 / 21.05.2018
14580
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британия​ Роман Абрамовичга виза беришни нега пайсалга солмоқда?

Буюк Британия ҳукумати мамлакатда катта сармоя ва «Челси»​ футбол жамоасига эга, Россия фуқароси Роман Абрамовичга Британия виза муддатини узайтириб беришни пайсалга солмоқда, деб ёзади Financial Times олигархнинг тўрт нафар яқин дўстига таяниб. 

Маълумотларга кўра, доимий турар жойи Лондон шаҳрида қайд этилган рус олигархининг умумий бойлиги 9,3 миллиард фунт-стерлингдан зиёдга баҳоланади. Роман Абрамович Буюк Британиянинг энг бой кишилари рўйхатида 13 рақамда эътироф этилади. 

Россиялик ишбилармоннинг виза муддати якунлангач, куни кеча кубокни қўлга киритган «Челси»​ жамоасини  қўллаб-қувватлаш учун майдонга ташриф буюрмади. Унга яқин кишиларнинг таъкидлашича, Роман Россияга қайтиб кетган. 

Роман Абрамович кутилганидек, рус олигархлари Олег Дерипаска ва Владимир Потанин ўртасида ўтган ҳафта бўлиб ўтган суд ишида ҳам гувоҳ сифатида иштирок этмади. 

Financial Times Роман Абрамовичнинг жамоатчиликдан қочиб юришига Скрипаллар иши ҳам таъсир ўтказганига ишонади. Хусусан нашр бу ҳақда шундай дейди:

«Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Буюк Британия барибир пул ортидан қувишини таъкидлаган бўлса-да, рус олигархларига нисбатан босим кучаймоқда»​​.

Шу пайтда  «Альфа-Групп» васийлик кенгаши раиси, россиялик Михаил Фридман ва «Альфа-Банк» асосчиси Пётр Авен «Атлантик Кенгаш»нинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Вашингтонга учиб кетган. Кенгаш кун тартибида АҚШ Президенти маъмурияти учун янги санкциялар таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли бўлган олигархлар ҳақида маълумотнома яратилади.  

Кенгашда иштирок этиш учун фалсафа фанлари доктори Андрес Ослунд ҳам Вашингтонга етиб борган. У Шарқий Европа ва Россия иқтисодиёти бўйича бебаҳо тажрибага эга кекса дипломат саналади. 

Маълум бўлишича, 21 май куни тушлик столи атрофида янги санкциялар ва олигархлар масаласига аниқ ойдинлик киритилади. Буюк Британия эса НАТО бўйича иттифоқдошининг қарорини ҳурмат қилиши тайин. Катта эҳтимол билан Роман Абрамович ҳам АҚШ санкциялари таъсирига тушиб қолгудек бўлса, у бундан кейин «​Челси»​ ўйинларини ҳам телевизор орқали томоша қилиши мумкин.

Мавзуга оид