АҚШ Савдо вакили (USTR) идораси маълум қилишича, янги тарифлар Европа Иттифоқи, Япония, Швейцария ва бошқа қатор мамлакатларни қамраб олган жами 60 та савдо ҳамкорига нисбатан қўлланилади.

Идоранинг билдиришича, қарор USTR томонидан ўтказилган махсус текширувлар якунлари асосида қабул қилинган. Тергов жараёнида икки босқичли очиқ жамоатчилик эшитувлари ўтказилган, 2 100 дан ортиқ фикр-мулоҳаза кўриб чиқилган ҳамда Вашингтоннинг савдо ҳамкорлари билан кўп йиллик муаммоларни бартараф этиш юзасидан музокаралар олиб борилган.

Янги тартибга кўра, мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича АҚШ талабларига мувофиқ чоралар кўрган давлатлар маҳсулотларига 10 фоизлик импорт божи қўлланилади. Бу борада етарли чора кўрмаган деб баҳоланган мамлакатлар учун эса 12,5 фоизлик тариф белгиланган.

Европа Иттифоқи, Япония ва Швейцария АҚШ ҳужжатларида ҳар икки ставка қўлланиши мумкин бўлган давлатлар қаторида тилга олинган.

Вашингтон ҳисоб-китобларига кўра, янги чоралар мамлакат импортининг қарийб 99,4 фоизини қамраб олади. Бироқ пўлат ва алюминий маҳсулотлари ушбу қарордан мустасно қилинган, чунки уларга нисбатан аввалдан алоҳида тарифлар амал қилади. Шунингдек, нефт ва газ импорти ҳам янги чекловлар доирасига киритилмаган.

Мутахассислар таъкидлашича, янги тарифлар амалда АҚШ президенти Доналд Трамп илгари жорий этган вақтинчалик 10 фоизлик глобал импорт божлари ўрнини босади. Мазкур тарифлар АҚШнинг 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонунига мувофиқ 150 кунлик муддатга жорий этилган бўлиб, ушбу муддат якунлангани сабабли уларнинг амал қилиш имконияти тугаган.

АҚШ савдо вакили Жеймисон Грирнинг таъкидлашича, мамлакатда мажбурий меҳнат асосида ишлаб чиқарилган товарлар импорти қарийб бир асрдан буён тақиқланган ва ушбу талаб қатъий назорат қилинади.

«АҚШда мажбурий меҳнат маҳсулотларини импорт қилиш тақиқи деярли юз йилдан бери амал қилади. Энди савдо ҳамкорларимиз ҳам худди шундай талабларни жорий этиш вақти келди», — деди у.