Адлия вазирлиги Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказди.
Янги тартибга мувофиқ, махсус ҳуқуқий режим доирасида давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган барқарор токенларни чиқаришга рухсат берилади. Бунда таъминот сифатида Марказий банкдаги алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилган миллий ёки хорижий валютадаги маблағлар, шунингдек эмитентга тегишли ҳамда Марказий депозитарий томонидан Марказий банк фойдасига блокланган давлат қимматли қоғозларидан фойдаланилади.
Ҳужжатга кўра, эмитент блокланган давлат қимматли қоғозлари бўйича даромад олиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Давлат қимматли қоғозлари учун депо ҳисобварақларини очиш, уларни блоклаш ва блокдан чиқариш депозитар операциялар ҳисобини юритиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Шунингдек, алоҳида ҳисобварақдаги маблағлар қолдиғи ва блокланган давлат қимматли қоғозларининг номинал қиймати муомаладаги барча токенларнинг умумий номинал қийматидан кам бўлмаслиги шарт. Барқарор токенларни таъминлаш учун кредит маблағлари, гаровга қўйилган активлар ёки бошқа жалб қилинган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Маълумот учун, барқарор токен — қиймати миллий ёки хорижий валютанинг номинал қийматига боғланган таъминланган крипто-актив тури ҳисобланади.











