Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги берилган кундан бошлаб 365 кун (1 йил) давомида амал қиладиган янги кўп марталик Умра визасини жорий қилди. Маълум қилинишича, ушбу виза эгаларига йил давомида умумий ҳисобда 90 кунгача қолиш шарти билан Саудияга бир неча бор кириш имконини беради.
Янги визада 90 кунлик қолиш муддати – жамланиб борувчи тартибда ҳисобланади. Зиёратчи ҳар сафар келганида, Қиролликда ўтказган кунлари сони умумий қолдиқдан чегириб ташланади.
Визадан фойдаланишнинг бир қанча шартлари бор. Хусусан:
- ҳар бир ташриф учун «Nusuk» платформасидаги расмий тасдиқланган провайдердан хизматлар пакетини сотиб олиш талаб этилади. Бунда пакетнинг давомийлиги визада қолган кунлар сонидан ошмаслиги керак;
- Саудияга кириш зиёратчи келишидан олдин «Nusuk» иловаси орқали Умра рухсатномасини расмийлаштирганига қараб рухсат этилади;
- бир йиллик виза зиёратчи Саудиядан ҳар сафар чиқиб кетгач вақтинча фаолсизлантирилади. Зиёратчи юқоридаги шартлар орқали Умра рухсатномаси олгач (белгиланган тартиб-қоидалар бажарилгандан сўнг) виза қайта фаоллаштирилади.
Ҳаж ва Умра вазирлигининг таъкидлашича, мазкур виза сафарларни режалаштиришда мослашувчанликни оширади ҳамда зиёратчининг бутун сафари давомида рақамли ва амалий хизматлар интеграциясини қўллаб-қувватлайди.
Ушбу виза ҳар йили бўладиган Ҳаж мавсумида – 2 ҳафта давомида амал қилмайди. Саудия расмийлари виза нархи борасида маълумот бермаган.
Маълумот учун, Саудия Арабистони 2023 йил 6 августдан Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар учун ҳам онлайн виза олиш имкониятларини очган. Хусусан, ўзбекистонликлар сайёҳлик ва умра визаларини мустақил олиши мумкин.











