Жамият | 17:42 / 26.05.2018
26048
3 дақиқада ўқилади

“Саховат” гуруҳи – ўксик қалбларга қувонч улашувчи яхшилар жамоаси

Саховат – биргина шу хислат сабаб қанчадан қанча нигоҳларнинг қувончга тўлиши, дард билан курашган инсонларнинг шифо топиши, ҳаёт йўлларида йиқилган ожизларнинг оёққа туриши каби эзгу воқеалар кўз олдимизга келади. Бу хайрли ишларнинг ташаббускорлари, ижрочиларини барчамиз биламиз. Улар саховатпеша, Яратган розилигига астойдил бел боғлаган, қалби тоза юртдошларимиз - “Саховат” гуруҳининг фаоллари. 

Бугун сизларга кўплаб хайрли ишлари билан халқ тилига тушган, қалблардан жой олган мазкур гуруҳ ҳақида гапирмоқчимиз. Улар билан эҳтиёжманд оилаларга рўзғорлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатишаётган вақтда учрашдик. Бу гуруҳнинг аъзолари бир-бирига бегона бўлса-да, яхшилик қилиш хислати уларни бирлаштириб турибди. Биз гуруҳ сардорларини суҳбатга чорладик.

 - Ассалому алайкум. Кам таъминланган, муҳтож оилаларнинг рўзғорларига зарур озиқ-овқат тарқатиш фаолиятимизнинг энг бошидан бошланган. Бошида 20та, кейин 50та, секин-секин бу рақамлар ошиб, ҳафта давомида 100тадан тарқатадиган бўлдик, - дейди гуруҳ сардорларидан бири Баҳром Алимов. – Тошкент шаҳар бўйича шу кунгача 800 га яқин хонадонга беғараз ёрдам кўрсатилди.

Рўйхатларни, асосан, маҳалла раислари, туман ҳокимиятларидан олинган маълумотлардан келиб чиқиб шакллантирдик. Рамазон ойи муносабати билан 600та кам таъминланган оила рўзғорига зарур маҳсулотлар тарқатишни мақсад қилганмиз. Ўтган ҳафта Зангиота туманига 200таси тарқатилди. Бу ҳафта Тошкент туманига 200та, кейинги ҳафта эса Қибрай туманига ҳам 200та тарқатилиши режалаштирилган.

Баҳром Алимовнинг таъкидлашича, тарқатилаётган маҳсулотлар салкам 30 хил ассортиментдан иборат. Унда гўштдан тортиб нонгача, хуллас, рўзғор учун зарур бўладиган барча маҳсулотлар бор. Тарқатиш ҳаракатлари бир ҳафта олдин бошланади. 

- Телеграмдаги “Саховат” номли гуруҳимизга бир ҳафта олдин маълум қиламиз, гуруҳдаги кўнгиллилар ўз имкониятидан келиб чиқиб турли маҳсулотлар беришади. Бир ҳафта давомида уларни йиғиб борамиз, - дейди у.

- Бир ногирон қиз яшайдиган уйни таъмирлаб бердик. Бундан ташқари, ҳозирда кўрлар жамияти ётоқхонасида қайта таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда,  – дейди гуруҳнинг яна бир сардори Нодир Абдуллажонов. – Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент вилояти ҳамда Зангиота туман ҳокимияти кўмагида бизга ер ажратиб беришди. Тошкент фуқароси бўлган, ногирон ва уйсиз фуқароларга ўша ердан уй қуриб бермоқчимиз. Улар яхшилаб ўрганиб чиқилади, қариндош-уруғларидан тортиб бошқасигача. Ана шундан сўнг уларга уй қуриб берилади.

Бугун гуруҳ ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Бу йўлда кўплар бир сафга жам бўлмоқда. Яратган эгам бу саховатпеша инсонлардан рози бўлсин. Хайрли амалларида ўзи мададкор бўлсин.

Маълумот ўрнида: "Саховат" гуруҳига қўшилмоқчи бўлганлар учун гуруҳ сардори Нодир Абдуллажоновнинг телефон рақами: ++998909101110

Мавзуга оид