Коронавирус пандемияси дунё иқтисодиёти ва инсоният ҳаётига жуда катта салбий таъсир кўрсатиши натижасида жаҳоннинг энг барқарор ва ривожланган давлатлари ҳам бугунги кунда жиддий синовлар билан юзма-юз бўлмоқда. Сайёрамизнинг барча қитъаларига етиб борган коронавирус ижтимоий-иқтисодий таназзуллар келтириб чиқариш баробарида ер юзи аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги, очарчилик, тинч-осойишта ҳаётни таъминлаш сингари энг долзарб муаммоларга қарши биргаликда курашишга ундамоқда.

Айни шу мураккаб жараёнда халқимиз ўзининг энг эзгу фазилатларини намоён этиб келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эзгу ташаббусларни тадбиркорларимиз биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлагани қувонарлидир. Ҳозирги кунда Фарғона вилоятида ҳам “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати тобора кенг қулоч ёзиб, элпарвар ва юртпарвар тадбиркорлар юксак меҳр-муруввати билан фарғоналик юзлаб, минглаб оилаларга хурсандчилик, эртанги кунга ишонч кайфиятини олиб кирмоқдалар.

Фарғона вилоятида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 36 мингдан ортиқ кам таъминланган оилалар аниқланиб, вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида тадбиркорлар, маҳаллий бюджет маблағлари ёрдамида кенг кўламли ҳомийлик ишлари олиб бориляпти. Кластер корхоналарининг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича амалга ошираётган ишлари ҳам таҳсинга лойиқ.
Бу борада Фарғона, Ёзёвон ва Қува туманларида пахта-тўқимачилик кластери соҳасида фаолият олиб бораётган “Fergana-Oseana” МЧЖ ҳамда “Baxodir Log’on Tekstil” МЧЖ қўшма корхоналари томонидан ҳозиргача мазкур туманларда бир қатор ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.

Айни пайтда корхоналар томонидан учта туманда 1600 нафардан ортиқ аҳоли вакиллари иш билан таъминланган бўлиб, ҳозирги долзарб шароитдан келиб чиқиб оғир вазиятга тушиб қолган ва вақтинчалик даромад манбаини йўқотган фуқаролар учун қўшимча 300 янги бўш иш ўрни яратилди.

- Президентимизнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ҳақидаги ташаббуси, коронавирус пандемияси даврида халқимизга йўллаган мурожаатлари, тадбиркорлик фаолияти учун жорий этилган имтиёз ва қулайликлар барчамизга ўзгача ғайрат-шижоат бахш этди, - дейди “Fergana-Oseana” ва “Baxodir Log’on Tekstil” МЧЖ қўшма корхоналари таъсисчиси, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Мўминжон Йўлдошев. – Ҳозирги кунда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси, вилоят, шаҳар-туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда Рамазон ойи муносабати билан эл бошига иш тушган қийин дамларда баҳоли-қудрат халқимизга кўмакдош бўлмоқдамиз.















