Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилбар Нажмиддинованинг айтишича, биринчи иш кунида шаҳардаги 514 та маҳаллалар томонидан берилган рўйхат асосида 2000 га яқин оила рўйхати шакллантирилган. Марказнинг биринчи кунида шаҳарнинг 11 туманидаги 770 оилага кундалик энг зарур бўлган озиқ-овқат (товуқ гўшти, ун, гуруч, картошка, пиёз, шакар, ёғ, макарон) маҳсулотлари етказиб берилган. Бунда 100 нафар кўнгиллилар бевосита қатнашган. 

Эҳтиёжмандлар қандай аниқланади?

Маҳалла раислари ва ўринбосари томонидан озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон маҳсулотларига эҳтиёж сезиб, уларни харид қилишга қийналаётган ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган оилалар, оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бор фуқаролар рўйхати шакллантирилган.

Тошкент шаҳрида вақтинча яшаётган фуқароларга ҳам ёрдам кўрсатиладими?

 

Албатта, авваламбор, шундай фуқароларга ҳам. 1197 рақамига қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб турган манзилини билдирса, узоғи 2 кунда уларга маҳсулотлар етказилади. Ёш болали ёрдамга муҳтож оилаларга тагликлар, болалар бўтқалари ҳам етказиб бериш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, ниқоблар, антисептик воситалар, резина қўлқоплар билан ҳам таъминлаш мумкин бўлади. 

Колл-марказнинг кўнгилли оператори сифатида фаолият кўрсатаётган «Кўнгилли шифокорлар» ташкилоти координатори Камола Сафарованинг айтишича, ёрдамга эҳтиёжманд фуқаролар марказ ҳузурида ташкил этилган 1197 рақамли call-марказига қўнғироқ қилиб, ўз мурожаатларини қолдиришлари мумкин. Улар махсус дастурда қайд этилади, кун якунида жамланган ҳолда туманлар ва мурожаатлар мазмуни бўйича сараланади. Сафарованинг сўзларига кўра, ҳар бир оператор бир кунда камида 30 нафар фуқаро мурожаатини қабул қилмоқда, айрим ҳолларда уларнинг сони 70 нафарни ташкил этмоқда. 

Марказ ҳукумат, ҳокимлик ва ҳомийлар маблағлари ҳамда кўмаги асосида келиб тушган мурожаатларни қаноатлантириб боради.