
Тиғиз замонда яшаяпмиз. Ҳар доим нимагадир шошиламиз, режалаштирган ишларимизни тезроқ қилишга ҳаракат қиламиз. Бир вақтнинг ўзида кўп юмушларни бажаришни истаймиз. XXI аср инсонга жуда кўп енгилликларни ҳадя этган бўлса-да, орамиздан меҳр-оқибатни олиб кетгандек.
Бугун меҳр-эътибор танқислашиб бораётгандек назаримизда. Яқинларимизни, ҳатто ота-онамизни йўқлаш, қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрашга-да вақт тополмай қоламиз баъзида.
Шу мулоҳазалар билан, куни кеча Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги «Саховат» кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйи – халқ тилида қариялар уйида бўлиб, у ердаги турфа тақдир эгалари билан суҳбатлашдик.
«Ўғлим ва келинимга оғирлигим тушмасин дейман»
Эркин Холматов, 66 ёш:
— Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманиданман. Касбим тракторчи, кейин ҳайдовчилик қилдим. Пешонамга ёзилган экан, юролмай қолдим.
Фарзандларни бирлаштириб, иноқ яшашини таъминлаб туришда ота-онанинг ўрни катта экан. Ота-онам вафот этишганидан кейин ака-укаларимиз ўртасида муносабатлар совишни бошлади. Аёлим тириклигида бирмунча яхши эди. Кампирим тирик бўлганида бу ерга келмасмидим...

Бу ерга келганимда ака-укаларим йўқ, деб ёлғон гапирганман. Лекин яширмайман, ака-укам бор, улар ҳаёт, ўзларига тўқ. Меҳр-оқибатимиз йўқолган...
Сабаб? Ногиронлигим бўлса керак. Қўлингиздан иш келса, сизни қадрлашаркан, бўлмаса, ҳеч кимга керагингиз бўлмай қоларкан. Бандасини ногирон қилмасин экан. Бу биз учун бир синов.
Икки қиз, бир ўғлим бор. Ўғлим Қозоғистонда ишлаб келаман, деб ўша ерда қолиб кетди. 6 фарзанди, аёли билан ўша ерда уй-жой қилиб яшаяпти. Ўғлим ишлари юришиб кетгандан кейин мени ҳам олиб кетди. Бирга яшадик. Лекин у ерда яшашга жуда қийналдим. Ҳамма шароит бор. Аммо... бировнинг қош-қовоғига қараш, тўғри муомала қилиш ниҳоятда оғир экан. Деярли кўчага чиқаришмасди; баъзида ўғлим кўча бошига айлантириб келарди.
Уларга оғирлигим тушаётганини билиб кетмоқчи бўлдим. Уйдан қочиб кетишга қарор қилдим. Ўғлим ишдалигида кетай, десам, келиним қаёққа кетаётганимни сўради. Унга тушунтириб, ўз ҳаётим билан яшашимни айтдим. Рухсат беришмади.

















