Ижтимоий соҳа ходимларининг иш ҳақи тўловига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ва уларнинг миқдорлари тўғрисида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш мақсадида Молия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди.

Қайд этилишича, 2018 йилда ижтимоий соҳани молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 35 034 млрд сўм ажратилган бўлиб, шундан 68 фоизи иш ҳақи тўловлари учун йўналтирилган. Жумладан, иш ҳақи тўловлари қуйидагича тақсимланган:

халқ таълимига – 12 169,8 млрд сўм;

олий ва ўрта махсус таълимга – 4 007,9 млрд сўм;

соғлиқни сақлашга – 6 835,3 млрд сўм;

маданият ва спортга – 741,5 млрд сўм.

Бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларнинг иш ҳақлари (базавий) тариф ставкаларидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган устамалар ва қўшимча тўловлардан иборат.

Мисол учун:

1. Умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқитувчисининг (малака тоифаларисиз) иш ҳақи базавий тариф ставкаси 1 133 минг сўмни ташкил этади. Синф раҳбарлиги бириктирилган ўқитувчилар учун 172,2 минг сўм миқдорида қўшимча тўлов, дафтар текширишганлик учун қўшимча 86,1 минг сўм ҳамда ўртача 20 фоиз – 226,7 минг сўм (энг юқори миқдори 40 фоиз) миқдорида директор жамғармаси ҳисобидан бериладиган устамани ҳисобга олган ҳолда 1 618,8 минг сўмни ташкил этади.

Умумтаълим мактабларидаги худди шундай қўшимча тўловларга эга бўлган олий тоифали бошланғич синф ўқитувчисининг иш ҳақи олий тоифа учун қўшимча тўловларни қўшиб ҳисоблаганда 1 908,8 минг сўмни ташкил этади.

Белгиланган тўловлар билан бир қаторда чет тили ўқитувчилари учун қуйидаги миқдорларда қўшимча ойлик устамалар белгиланган:

қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида – базавий тариф ставканинг 30 фоизи миқдорида;

бошқа таълим муассасаларида –15 фоиз.

2. Олий маълумотга эга, малака тоифасиз, бир ставкада ишловчи (ҳафтасига 36 соат) мактабгача таълим муассасаси тарбиячисининг иш ҳақи моддий рағбатлантириш жамғармасидан 15 фоиз устама билан қўшиб ҳисоблаганда 999,2 минг сўмни ташкил этади. 9 соатлик иш режимида 1,25 ставкада (9 соат * 5 кун = 45 соат; 45 соат / 36 соат = 1,25 ставка) ишловчи тарбиячининг иш ҳақи миқдори 1 249,0 минг сўмни ташкил этади.