Адлия вазирлиги давлат бюджетини тузиш ва ижро этиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Янги нормалар Бюджет кодексига киритилган ўзгартишлар асосида ишлаб чиқилган.

Унга кўра, бюджет сўровларида асоссиз ёки самарадорлиги паст деб топилган харажатлар қисқартирилади. Бу ҳақда билдиришнома олган ташкилотлар уч иш куни ичида янгиланган бюджет сўровини тақдим этиши шарт.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг маҳаллий бюджетларни режалаштиришдаги роли кучайтирилди. Улар даромадлар прогнози, харажатларнинг дастлабки ҳажми ҳамда бюджетлараро трансфертлар бўйича таклифларни шакллантиришда иштирок этади.

Янги тартибга мувофиқ, бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг ривожлантириш дастурлари камида уч йиллик давр учун ишлаб чиқилади. Уларда аниқ натижа кўрсаткичлари ва кутилган ижтимоий-иқтисодий самарадорлик акс эттирилиши белгиланган.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетларга бюджет ссудаси ажратиш ҳақидаги талабномалар беш иш куни ичида кўриб чиқилади ва қабул қилинган қарор ҳақида аризачига бир иш куни ичида хабар берилади. Шу билан бирга, давлат молияси барқарорлигини баҳолаш учун умумий фискал балансни шакллантириш ва ҳисоблаш тартиби ҳам белгиланди.