DW нашрининг AFP агентлигига таяниб хабар беришича, саммитда томонлар ўртасида кескин баҳслар бўлган. Тежамкорлик тарафдори бўлган давлатлар қаторига Германиядан ташқари Австрия, Швеция, Дания, Нидерландия ва Финландия ҳам кирган.

Еврокомиссия ёзда 2028–2034 йилларга мўлжалланган, қарийб 2 триллион евролик бюджет лойиҳасини тақдим этган эди. ЕИ Кенгашига раислик қилаётган Ирландия эса уни 140 миллиард еврога қисқартиришни таклиф қилган.

Ирландия таклифи рақобатбардошликни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар, мудофаа ва ташқи сиёсат йўналишларидаги харажатларни камайтиришни назарда тутади.

Франция бюджетни аъзо давлатлар бадалларини оширмасдан кўпайтириш учун янги умумевропа йиғимларини жорий этишни таклиф қилмоқда. Гап рақамли хизматлар, криптоактивлар ва интернетдаги қимор ўйинларидан йиғим ундириш ҳақида бормоқда.

Германия канцлери Фридрих Мерц музокаралар бошланишидан олдин Еврокомиссия таклиф этган бюджетни сезиларли даражада қисқартиришга чақирган. У қишлоқ хўжалиги ҳамда ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий ва ижтимоий тафовутларни камайтириш сиёсати учун қўшимча маблағ ажратишга қарши чиққан.

ЕИга аъзо кўплаб давлатлар бюджетни 2026 йил охиригача тасдиқлашни истамоқда. Улар 2027 йилдаги сайловлар натижасида айрим мамлакатларда ҳокимиятга евроинтеграцияга шубҳа билан қарайдиган сиёсий кучлар келиши келишувни қийинлаштириши мумкинлигидан хавотирда.

Бироқ Австрия канцлери Кристиан Штокер музокаралар келаси йилгача чўзилиши эҳтимолини ҳам истисно қилмаган.