Ҳайдаровнинг айтишича, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистонга қўшимча даромадларни алоҳида жамғармага йиғишдан кўра, аввало, бюджет тақчиллигини қисқартириш учун ишлатишни тавсия қилган.
“ХВЖнинг тавсияси шуки, қўшимча даромадларнинг бир қисмини харажатларга йўналтирсангиз ҳам, муҳим қисми бюджет дефицитини камайтиришга ишлатилиши керак. Ўтган йили биз шундай йўл тутдик. Қўшимча даромадлар ҳисобидан бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан қарийб 0,9 фоизга қисқартирдик. Режада дефицит 3 фоиз бўлиши керак эди, амалда эса уни 2,1 фоизгача туширдик.
Бу йил ҳам имкон бўлса, олтиндан тушадиган қўшимча даромадларнинг бир қисмини жорий харажатларни қоплашга, қолган қисмини эса дефицитни камайтиришга йўналтиришга ҳаракат қиламиз. Натижада бюджетни молиялаштириш учун камроқ қарз жалб қилинади”, – деди вазир ўринбосари.
Унинг таъкидлашича, ХВЖ Ўзбекистонга ҳозирнинг ўзида алоҳида жамғарма ташкил этишни тавсия қилмаяпти.
“Жамғарма, одатда, бюджет профицит билан ишлаётган давлатларда шакллантирилади. Агар бюджетнинг ўзи дефицит бўлса, бир томондан маблағни жамғариб қўйиб, иккинчи томондан ташқаридан қарз олишнинг иқтисодий маъноси йўқ. Шунинг учун ХВЖнинг тавсияси – режалаштирилган харажатларни амалга оширинг, лекин қўшимча даромадлар сабаб харажатларни кескин оширманг. Даромаднинг бир қисмини эса ёмон кунлар учун сақлаш керак. Катта ташқи инқироз ёки кутилмаган вазият юз берса, давлатда фискал буфер бўлиши зарур”, – деди Ҳайдаров.
Унинг сўзларига кўра, фискал буфер пандемия даврида Ўзбекистонга иқтисодий барқарорликни сақлашда ёрдам берган.
“Давлат учун иккита нарса жуда муҳим: биринчиси – оғир кунлар учун захира бўлиши керак, иккинчиси эса қарз олиш қобилиятини сақлаб қолиш керак. Пандемия даврида айрим давлатлар ҳатто 100 миллион доллар ҳам қарз жалб қила олмай қолган эди. Чунки кредиторлар уларнинг қайтариш имкониятига ишонмади. Шунинг учун ХВЖ олтин нархи доим юқори бўлиб қолмайди, деган хавфни ҳисобга олиб, яхши даврларда дефицитни камайтиришга урғу бермоқда”, – деди у.
Янги фискал қоида ишлаб чиқилмоқда
Ҳайдаровнинг маълум қилишича, ҳукумат ХВЖ билан биргаликда олтин нархининг бюджетга таъсирини чеклайдиган янги фискал қоидаларни ишлаб чиқмоқда.
“Ҳозир биз олтиндан ташқари фискал баланс бўйича ишлаяпмиз. Август ойида ХВЖ миссияси келади ва шу масалани муҳокама қиламиз. Режамиз – амалдаги 3 фоизлик дефицит чекловига қўшимча равишда янги фискал қоида жорий қилиш. Вариантлардан бири – бюджетни ҳисоблашда олтиннинг базавий нархини белгилаш. Масалан, шартли равишда 2 500 доллар деб олинади. Агар бозор нархи бундан юқори бўлса ҳам, қўшимча даромадлар ҳисобига харажатларни автоматик ошириб юбормаслик кўзда тутилади. Бу ёндашув қонунчиликка киритилиши ва ҳукумат муҳокамасидан ўтгач жорий қилиниши мумкин”, – деди вазир ўринбосари.







