Булар – июл ойи охирида Молия вазирлигининг Фискал таҳлиллар институти эълон қилган ва муҳокамаларга сабаб бўлган таклифларнинг айримлари. Kun.uz бу таклифлар юзасидан иқтисодчи Отабек Бакиров билан суҳбат ташкил этди.

“Диалог давом этиши керак”

— Аввало айтиш керак, шу пайтгача солиқчиликдаги, бюджет даромадлари ва харажатларидаги ўзгаришлар ёки режалар кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинмасди. Ҳар йилги солиқчиликдаги ўзгаришлар ҳақида декабр ойи охирида, парламентимиз қуйи палатасида бир неча соатлик муҳокамалардан кейин тасдиқланадиган бюджетдан хабар топардик. Бу кўп муҳокамаларга, танқидларга сабаб бўларди ҳар доим. Шу нуқтайи назардан диалог пайдо бўлгани мени хурсанд қилади. Бу диалог давом этиши керак. Чунки ёқимсиз ва қийин масалаларнинг мулоқотсиз ечимини, компромиссини топиб бўлмайди.

Иккинчидан, фискал диалогда айтилган жуда кўп таклифларнинг иккита-учтасигина кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бевосита одамларнинг чўнтагига, солиғи ошишига ёки ташвишига сабабчи бўлган масалаларгина муҳокама бўлди. Аксар масалалар четда қолиб кетгандек. Сиз айтаётган иссиқлик тарифлари жазирама ёзда турганимиз учун қанақадир бугунги куннинг муаммоси эмасдек, у куз ва қишга бориб муҳокама қилиниши керак бўлган масаладек туюлади, шунинг учун кўп муҳокамаларга сабаб бўлмади.

Иссиқлик таъминотида таннарх қанчалик ҳаққоний?

— Иссиқлик тарифларига келадиган бўлсак, охирги уч йилда бу масала ҳар йили кўтарилади. Тошкент шаҳрини иссиқлик тарифлари бўйича энг кўп субсидия оладиган ҳудуд деб ҳисобласак, Veolia бошқарувига берилганидан кейин айтилдики, биз базавий тарифнинг, яъни таннархнинг 15 фоизига чиқдик, бироз муддатдан кейин 16 фоизига, кейинроқ 17 фоизига чиқдик деб айтиб келинади. Ўтган йилги тарифлар оширилишидан кейин эса аҳоли тўловлари таннархнинг 18-20 фоизини қоплаяпти, деб айтилган эди. Ўшанда мен ҳисоб-китоб қилиб айтгандимки, агарда тариф ҳар йили 50-55 фоиздан ошириб бориладиган бўлса, тахминан тўрт йил ичида базавий тарифга етказиб олиш мумкин бўлади.

Бу ерда масаланинг жуда муҳим жиҳати бор: агар улар айтаётган таннарх ҳақиқатан ҳам ҳаққоний бўлса. Лекин энергетикада, транспорт билан боғлиқ бўлган харажатларда, яъни давлат монополиялари кўрсатаётган хизматларда таннарх ўзи қанчалик ҳаққоний? 2022 йилдан бошлаб бизга энергетикадаги ҳар киловатт соатининг таннархи, газ кубасининг ҳар бирининг таннархи ҳақида гапиришарди. Ҳар йили улар ошириб борилади. У қанчалик ҳаққоний деган саволга ҳеч ким жавоб бермасди.