Жаҳон | 15:03 / 02.06.2018
11752
2 дақиқада ўқилади

Эстония президенти Украинадаги можарони уруш, деб аташга чақирди

Фото: pealinn.ee

Эстония президенти Керсти Кальюлайд эвфемизмлар (айтиш ноқулай бўлган сўз ўрнида ишлатиладиган пардали сўз ёки ибора)дан воз кечиш ва Украинада рўй берган ҳолатни уруш, деб аташга чақирди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, у бу ҳақда собиқ президент Леннарт Мери хотирасига бағишлаб ташкил этилган конференцияда маълум қилган.

"Грузия ва Украина ҳақида гапирар эканмиз, барчасини ўз номи билан айтиш керак - уруш ва босиб олиш", - дея маълум қилган у.

Унинг сўзларига кўра, бунинг ўрнига “халқаро доираларда Грузия ва Украина ҳақида гапирилиб, ҳамон “маъмурий чегара чизиғи” ёки “музлатиб қўйилган можаро” каби эвфемизмлардан фойдаланилмоқда".

"Биз ҳеч бўлмаса ўз ҳамкорларимиз ва иттифоқчиларимиз билан шу ҳақда очиқ гаплашишимиз керак. Биз аср боши билан таққослаганда жар ёқасида турибмиз", - деган у.

Эстония президентининг фикрича, “Украинада рўй бераётган нарсалар ҳақида нима ўйласак ҳам, Украина одамлари эркиндир. Бу жуда катта устунлик ҳамда кучли иқтисодиёт ва ҳуқуқий давлатни қуришга ёрдам беради. Одамлар ўз сиёсий етакчиларидан оқибатлардан қўрқмай норози бўлиши мумкин”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сербия президенти Қрим ҳақида гапирганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид