Экологик вазиятни яхшилаш бўйича тузилган махсус комиссия 4 октбяр куни Тошкент шаҳрида ёмғир ёғишидан олдин қисқа муддатли чанг-тўзон ҳодисалари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Глобал об-ҳаво моделлари ва «Ўзгидромет» прогнозларига кўра, пойтахт ҳудудига нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Шу сабабли шамол тезлиги 3–8 метр/сониягача, айрим ҳудудларда эса 10–14 метр/сониягача кучайиши эҳтимоли мавжуд.
Кучайган шамол оқибатида айрим жойларда чанг-тўзонлар кўтарилиши ва атмосфера ҳавосида чанг заррачалари, хусусан, PM10 концентрацияси миқдори қисқа муддатга ортиши мумкин.
«Ҳозирда атмосфера ҳавоси сифати махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда», – дейилади хабарда.
Аввалроқ «Ўзгидромет» 3−5 октябр кунлари Ўзбекистонга совуқ ва нам ҳаво кириб келиши, ёмғир ёғиб, тоғларда қорга айланиши, шамол тезлиги 22 метр/сониягача кучайиши ҳақида хабар берганди. Айрим жойларда туман тушиши мумкин.








