Украина тўрт давлатдан: АҚШ, Ҳиндистон, Туркия ва Мисрдан ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифлар олди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Андрей Сибига маълум қилди ва Украина сулҳнинг турли форматларига тайёрлигини, бироқ ўт очишни тўхтатиш ҳам энергетика, ҳам Қора денгизга тааллуқли бўлиши шартлигини таъкидлади, деб ёзди «Европейская правда».
«Бизда тўртта таклиф бор. Энг кенг қамровлиси – Ҳиндистон таклифи. Биз энергетика ва Қора денгиз сулҳига тайёрмиз, лекин фақат шу уйғунликда. Энергетика ва Қора денгиздаги сулҳ. Бу тўлиқ энергетик сулҳ, барча энергетика объектларига, шу жумладан порт инфратузилмасига зарба беришни тўхтатиш демакдир», – деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, Туркия ва Мисрнинг таклифлари ўхшаш: бу мамлакатлар дон экспортини қайта тиклашга қаратилган Қора денгиздаги сулҳни таклиф қилган. Тўртинчи таклиф – Қўшма Штатлардан. Уни Украина ва АҚШ президентлари Володимир Зеленский ва Доналд Трамп учрашув чоғида муҳокама қилган.
«Умуман олганда, биз сулҳ президент Зеленский ва Путин учрашувининг натижаларидан бири бўлиши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Биз сулҳнинг турли форматларига, жумладан, туташув чизиғи бўйлаб сўзсиз сулҳга ҳам тайёрмиз», – деб ишонтирди дипломат.
Аввалроқ, Зеленский АҚШда Трамп билан учрашувдан сўнг Украина энергетик сулҳга тайёрлигини, аммо россияликлар бунга тайёр эканига шубҳа борлигини айтди. Хусусан, унинг сўзларига кўра, агар Россия Украина Мудофаа кучлари томонидан унинг нефтни қайта ишлаш саноатига зарбалар берилишини истамаса, Украина фақат россияликлар Украинанинг энергетика тизимига, сув таъминоти ва иситиш инфратузилмасига ҳужум қилмаган тақдирдагина энергетик ўт очишни тўхтатиш режимига рози бўлади.








