Европа – дунёдаги энг тез қизиётган қитъа бўлмоқда. Швейцариялик олимларнинг тадқиқот натижаларига кўра (.pdf), бу фонда Швейцариянинг Алп тоғларида асрлар мобайнида мавжуд бўлган машҳур музликлар тез суръатларда эриб бормоқда. Олимлар аниқлашича, 2026 йилги иссиқ ҳарорат натижасида музнинг 5,5 фоиз қисми йўқ бўлган, 2021 йилдан бошлаб беш йил ичида эса Швейцариядаги жами муз ҳажми қарийб 20 фоизга қисқарган. Қуйида Алпдаги музликлар қандай ўзгараётгани кўрсатилган суратлар.

Sean Gallup / Getty Images
Илиқ сув тўпланиб, Швейцариядаги энг йирик музлик– Алеч музлиги юзаси бўйлаб оқиб тушмоқда. Алеч музлигининг узунлиги 22 километрдан ортиқ. 1850 йилдан буён унинг узунлиги тахминан 2,5 километрга, майдони эса тахминан чорак қисмга қисқарди. Сурат 2025 йил 14 сентябрда Беттмералп курорти яқинида олинган.

Олимлар хулосаси. Қисқача

  1. Алп тоғларидаги музликлар сўнгги ўн йилликларда доимий равишда камайиб келган, аммо ҳозиргидек тезликда эримаганди. 2022 йилдан 2026 йилгача бўлган оралиқдаги эриш суръати – кузатувлар тарихида бошқа ҳар қандай беш йилликка қараганда икки баравар тезроқ бўлди.

  2. Асосий сабаб – қишда қор кам ёғаётгани ва ёзда ҳарорат юқори бўлаётганидир. 2026 йил қишида қор жуда кам ёққан, бу айниқса Алпнинг шарқий ва жанубий қисмида сезиларли бўлган.

  3. Кўплаб музликлар учун йўқотишлар мисли кўрилмаган даражага етди ва кузатувлар тарихида энг кучли эриш йили бўлган 2022 йилги кўрсаткичларни ҳам ортда қолдирган.

  4. Айрим музликларнинг ўртача қалинлиги 2026 йилда 2,5-4 метрга қисқарди.

  5. Айрим «муз тиллари» – кўлларга тушиб келувчи узун ва ингичка муз қатламлари – 2026 йилда 10 метрга қисқарди.

  6. Олимлар музликлар ичкаридан қулашини – илиқ сув муз остидаги бўшлиқларни ювиб кетиши натижасида содир бўлаётганини тобора кўпроқ кузатмоқда.

  7. Бир неча кичик музликлар бутунлай йўқолиб кетган.