Жаҳон | 00:14 / 06.06.2018
10675
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Рамазоннинг сўнгги 10 кунида Қатар зиёратчиларини қабул қилади

Саудия Арабистони Қатар фуқароларига муборак Рамазон ойининг сўнгги 10 куни давомида Умра зиёратини амалга ошириш учун қиролликка киришга рухсат берди

Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра ишлари бўйича вазирлиги томонидан сешанба куни тақдим этилган баёнотга кўра, Қатар фуқаролари ташрифни амалга ошириш учун фақат расмий Саудия компаниялари орқалигина мурожаат қилишлари керак. 

Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, қатарлик зиёратчилар қиролликка фақат чартер рейслар орқали бориши мумкин, зеро икки мамлакат ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслар ўтган йилнинг июнидан тўхтатиб қўйилган.

Саудия Арабистони агентлиги маълумотларига кўра, аризачилар онлайн-виза олишни сўраб мурожаат қилишлари керак, чунки ҳозирда Доҳада Саудия Арабистони элчихонаси фаолияти тўхтатилган.

Саудия биринчи марта қатарликларга мамлакат ҳудудига киришга изн бермоқда, зеро икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бир йил аввал узилган.

Ўтган йилнинг 6 июнида Саудия Арабистони, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн Қатарни террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айблаб, у билан алоқаларни узишган эди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид