11:27 / 13.06.2018
5768

Ҳиндистонда автобус иштирокида фожиа, 17 киши ҳалок бўлди

Фото: NDTV

Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штатида йўловчи автобусининг йўл-транспорт ҳодисасига учраши оқибатида камида 17 киши ҳаётдан кўз юмди, яна 12 инсон жароҳат олди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар бермоқда.

Телеканал маълумотларига кўра, ичида йўловчилар бўлган автобус автострадада кетаётган пайтида автомобилни қувиб ўтишга ҳаракат қилиб, йўл тўсиғига келиб урилган. Шундан сўнг автобус ағдарилиб кетгани айтилмоқда.

Тезкор хизматлар хабарига кўра, авария оқибатида 12 киши жароҳат олди, улардан уч нафари ҳозирда ўта оғир аҳволда қолмоқда. Таъкидланишича, жароҳат олганлар орасида автобус ҳайдовчиси ҳам бор. Кутилишича, у яқин вақт ичида полицияга кўрсатмалар беради, бу ЙТҲга оид батафсил маълумотларни ойдинлаштириши лозим.

Ҳозирги вақтда маҳаллий маъмурият ҳодисани суриштирувдан ўтказиш билан банд.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда пўртана оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлганди.

Top