Бу чоралар темирйўл, ҳаво ва автомобил транспортида маҳаллий йўловчи ташувларини 2030 йилгача комплекс ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш ҳақидаги қарор лойиҳасининг 14-бандида келтирилган.
Электрон чипталар учун уч йиллик чегирма
Лойиҳага кўра, 2027 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача шаҳар атрофи поездлари, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобус йўналишларига электрон чипта олган йўловчиларга камида 20 фоиз чегирма бериш таклиф этилмоқда.
Бу орқали электрон тўлов ва чипта тизимларидан фойдаланишни рағбатлантириш, йўловчи ташиш кўрсаткичларининг шаффоф ҳисобини юритиш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш мақсад қилинган.
2030 йил 1 январдан эса мазкур йўналишларда йўл ҳақини нақд пулда тўлаш амалиётидан тўлиқ воз кечиб, фақат нақдсиз ҳисоб-китобга ўтиш кўзда тутилган.
Узоқ масофага чипта олганларга шаҳар атрофи поезди бепул бўлиши мумкин
Ҳужжатда узоқ масофага қатновчи поездга электрон чипта харид қилган йўловчилар учун яна бир қулайлик таклиф қилинган.
Улар чиптада кўрсатилган жўнаш вақтидан олдинги ва манзилга етиб келганидан кейинги 12 соат давомида тегишли ҳудуддаги шаҳар атрофи поездларидан бепул фойдаланиши мумкин бўлади.
Бу тартибни 2027 йил 1 сентябрга қадар ишлаб чиқиш ва жорий этиш назарда тутилган. Таклиф шаҳар атрофи поездларининг бандлигини ошириш ва ҳаракат таркибидан самарали фойдаланишга қаратилган.
Мазкур чоралар ҳозирча қарор лойиҳасида келтирилган бўлиб, тасдиқланган тартиб ҳисобланмайди.
















