Тошкент шаҳар ҳокимининг 2026 йил 29 октябрдаги қарори билан кўчаларни таъмирлаш ва автобуслар учун алоҳида йўлаклар — BRT ташкил этиш ишларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Қарорга кўра, қуйидаги кўчаларда автобус йўлаклари барпо этилади:

  • Муқимий кўчаси — Яккасарой ва Чилонзор туманларидан ўтувчи 4,6 километрлик қисмда;

  • Қоратош — Кўкча дарвоза кўчалари — Шайхонтоҳур туманида жами 4,2 километр;

  • Паркент кўчаси — Мирзо Улуғбек туманида 2,8 километр;

  • Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси — Мирзо Улуғбек туманида 6,3 километр.

Таъмирлаш ва қурилиш ишлари бўйича «Тошкент Инвест компанияси» АЖ буюртмачи этиб белгиланган.

Буюртмачининг қурилиш-таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатлари ҳамда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасидан дастлаб 6,5 миллиард сўм ажратиш чораларини кўриш топширилган.

Кўчаларни таъмирлаш ва автобус йўлакларини ташкил этиш ишларини тижорат банклари кредитлари, Йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш белгиланган.

Йўлларни таъмирлашдан олдин тегишли муҳандислик тармоқларини қуриш, таъмирлаш ёки кўчириш ишлари бажарилиши керак.

Масъулларга қурилиш даврида тирбандликларнинг олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган. Зарур ҳолларда автомобиль ҳаракати вақтинча чекланиши мумкин.

Қарорда ишларни якунлашнинг аниқ муддати кўрсатилмаган.