Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда билдирилган эътирозларга расмий муносабат тақдим этди.

Бошқарма маълумотига кўра, ҳозир Шаҳрисабз, Амир Темур шоҳкўчаси ва Янги Сергели кўчаларида жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлаклар — BRT ташкил этиш ҳамда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ишлар қамраб олган қисмларнинг умумий узунлиги 5,09 километрни ташкил этади.

Хусусан, қурилиш-монтаж ишлари қуйидаги қисмларда амалга оширилмоқда:

  • Шаҳрисабз кўчасида — 1 километр;

  • Амир Темур шоҳкўчасида — 2,73 километр: биринчи босқичда 1,43 километр, иккинчи босқичда 1,3 километр;

  • Янги Сергели кўчасида — 1,36 километр.

Қурилиш сабаб айрим йўл қисмларида транспорт ҳаракатига вақтинчалик чекловлар жорий этилган. Бу шаҳарнинг қатор кўчаларида тирбандликлар ортишига олиб келмоқда.

Айниқса, эрталабки ва кечки тиғиз соатларда автобуслар белгиланган жадвал ва қатнов оралиғига риоя қилишда кечикмоқда. Натижада айрим йўналишларда автобуслар орасидаги вақт узайиб, йўловчилар бекатларда кўпроқ кутишга мажбур бўлмоқда.

Бошқарма қурилиш ишлари тугаб, йўлларда одатий ҳаракат тиклангач, тирбандликлар камайиши ва автобуслар қатнови белгиланган жадвал асосида барқарорлашишини билдирди. Расмий муносабатда ишларни якунлашнинг аниқ муддати келтирилмаган.