Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги «Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 149-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Давлат молиявий назорати бош бошқармаси томонидан олиб борилаётган назорат ишлари юзасидан қуйидагилар маълум қилинди.
Молия вазирлиги томонидан бугунги кунда давлат эҳтиёжларига пахта хом-ашёсини етиштиришни молиялаштириш учун 3,6 трлн. сўм ва ғалла ҳосилини етиштиришни молиялаштириш учун 1,2 трлн. сўм, жами 4,8 трлн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ресурсларини «Агробанк» депозитига жойлаштирилди.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасида юзага келиши мумкин бўлган маблағлар тақчиллигининг олдини олиш учун 400 млрд. сўм фоизсиз бюджет ссудаси ажратилди.
Ушбу маблағлар ҳисобидан фермерлар томонидан пахта хом-ашёси учун 3,2 трлн. сўм, бошоқли дон учун 1,1 трлн. сўм сарфланиб, фермер хўжаликларининг ҳисоб рақамларида пахта хом-ашёси етиштириш учун 383 млрд. сўм ва бошоқли дон учун 101 млрд. сўм маблағлар мавжуд.
Давлат эҳтиёжлари учун пахта ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг харажатларини камайтириш, етиштирилган ҳосилдан олинадиган даромадларини кўпайтириш бўйича қуйидаги тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда:
1. Жамғарманинг 150 млрд. сўм ресурс маблағлари йиллик 5 фоиз ставка билан «Агробанк» депозитига жойлаштирилиб, давлат харидлари ҳажмидан ортиқча бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларига 77 млрд. сўм кредитлар ажратилди.
2. Агробанкка жойлаштирилган Жамғарма ресурслари учун фоиз тўлови миқдорини 1 фоиздан 0,5 фоизгача камайтириш эвазига Агробанк томонидан фермерларга ғалла учун ажратилган кредитлар фоизи 22 фоиздан 14 фоизгача камайтирилди.
Шунингдек, фермер хўжаликларига кўрсатилаётган банк хизмати учун «ойлик абонент» ва кредитларни расмийлаштиришда олинадиган хизмат ҳақи тўловлари бекор қилинди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида 116 млрд.сўм фермерларнинг ихтиёрида қўшимча равишда қоладиган бўлди.
3. Фермер хўжаликларига 2018 йил пахта ва ғалла ҳосили учун ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобидан таъминотчи корхоналар томонидан эски йиллардаги қарздорликлари учун ушлаб қолинган 147 млрд. сўм фермер хўжаликлари фойдасига тўлиқ қайта тикланди.
4. Фермер хўжаликларига қулайлик яратиш мақсадида тўловларни масофадан алоқа воситалари орқали онлайн тарзида ”Агробанк мобайл бизнес” мобил иловаси орқали амалга ошириш имкониятини берувчи махсус дастури ишлаб чиқилиб, жорий этилди. Ҳозирги кунда қарийб 20 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари банкларга келмасдан, ушбу мобил дастур орқали тўловларни амалга оширмоқда.















