14:38 / 19.06.2018
12656

Саудия Арабистонида қонунчиликни бузган 1,25 миллиондан зиёд киши қўлга олинди

Фото: AFP

Саудия Арабистонида Қироллик томонидан ўтказилган кампанияда турар-жой, меҳнат ва чегара хизматлари билан боғлиқ қонунчиликни бузган 1,25 миллиондан зиёд киши қўлга олинди. ArabNews шу ҳақида хабар берди

Ўтган йилнинг 16 ноябрида бошланиб, жорий йилнинг 14 июнида тугаган хавфсизлик кампаниясида 1 251 966 киши қўлга олинган. Улардан 931 069 нафари - турар-жой қонунчилигини, 218 897 киши - меҳнат қонунчилигини ва 102 000 нафари чегара хавфсизлик қоидаларини бузганликда гумонланмоқда. 

Қироллик чегарасини кесиб ўтишга уринганларнинг умумий сони 19 233 кишини ташкил қилган. Уларнинг 54 фоизи яманликлар, 43 фоизи эфиопияликлар ва 3 фоизи бошқа мамлакат вакиллари бўлган. 

Шунингдек 790 киши Саудия Арабистони ҳудудини ноқонуний тарк этишга уринган. 

Меҳнат қонунчилигини бузган кишиларни яшириш ва ташишда гумон қилинган 2167 киши, қоидабузарларни яшириш ва ташишда гумонланган 415 киши қўлга олинган. 388 кишига нисбатан тартибга чақириш чоралари кўрилган, кейинчалик улар қўйиб юборилган. 

Ҳозирга келиб қўлга олинганлар сони 10 245 кишини ташкил қилмоқда. Булардан 8817 нафари - эркак, 1428 нафари - аёл киши. 221 404 кишига нисбатан жарималар киритилди, 177 329 қоидабузар ҳужжатларни тартибга келтириши учун тегишли дипломатик ваколатхоналарга йўлланди, 327 034 нафари эса депортация қилинди.

Top